https://storage.kun.uz/source/6/KD6VZ5SDIkd72dSwidmLIi4fUSo0vxal.jpg
Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Kun.uz | Расмий канал

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўринбосарларидан бири Янгиҳаётга ҳоким бўлади

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ҳаёт Иноғомов пойтахтда янги ташкил этиладиган Янгиҳаёт кичик тумани ҳокими этиб тайинланиши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 май куни Сергели туманидаги бунёдкорлик ишлари билан танишгач, фаоллар билан мулоқот қилди.

Мулоқот чоғида давлат раҳбари тумандаги Чоштепа ва Қипчоқ мавзелари негизида Тошкент шаҳар ҳокимлигига тўғридан-тўғри бўйсунадиган алоҳида Янгиҳаёт кичик туманини ташкил этиш таклифини билдирди.

«Ўзбекистон 24» телеканали репортажидан маълум бўлишича, Шавкат Мирзиёев янги туманнинг ҳокими лавозимига Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Ҳаёт Илёсович Иноғомов номзодини таклиф қилган.

https://storage.kun.uz/source/6/yM25ae7eezzUYlvy0WQIlr-uzVxK1W6v.jpg
"Ўзбекистон 24" эфиридан кадр

34 ёшли Иноғомов 2018 йилдан октябридан буён Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари – Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келмоқда.

Бунга қадар у Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Tashkent City» халқаро ишбилармонлик маркази Дирекцияси ДУК директорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Бўлғуси ҳоким 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 2008 йилда Тошкент автомобил ва йўллар институтини тамомлаган.

Иноғомовнинг таржимайи ҳолига кўра, у 2007-2009 йилларда Ишлаб чиқариш бошқармаси «Махсустранс» бош муҳандиси, 2010-2011 йилларда «Technologi De Lavenir» МЧЖ асосий ишлаб чиқариш бўлим бошлиғи, 2011-2012 йилларда «Atlant Metal» МЧЖ директори, 2012-2017 йилларда «Technologi De Lavenir» МЧЖ директори, 2017-2018 йилларда «Pallada Investment» қўшма корхонаси директори сифатида фаолият юритган.

Янгиҳаёт – пойтахтнинг 12-тумани бўлади

https://storage.kun.uz/source/6/Jgxt8XYPYqK7JoHrwPZiYYZ4ONjzS5H9.jpg

Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил сентябрдаги топшириғи билан, Сергелида 5 йил ичида 500та кўп қаватли уй қурилиши лойиҳаси бошланган эди. Ҳозирга келиб, бу ерда катта, замонавий мавзе пайдо бўлди.

Охирги 3 йилда туманда 19 522 хонадонли 460та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди, 26та намунавий типдаги маҳалла гузарлари барпо этилди.

Шу даврда бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошган.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, бу ҳудудда янги кичик туман ташкил этишдан мақсад – янги кўчиб келган одамларнинг фаровонлигини таъминлаш ва бошқарувни самарали ташкил этишдир.