https://storage.kun.uz/source/6/CepnCs_5ggcUvaCNlqVL-syaDGJ_YZ9d.jpg

Kun.uz | Расмий канал

Шавкат Мирзиёев: эртага ижтимоий муаммоларни бартараф этишга маблағ сарфламаслик учун бугун шу маблағни мактабларга беришимиз керак

Бугун, 29 май куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Сергели туманининг 5А мавзесидаги яқинда фойдаланишга топширилган 329-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти билан танишди.

Маълумки, мазкур туманда кўп қаватли уй-жойлар бунёд этилиб, аҳоли сони ошиб бормоқда. 2019 йилда бу ерда тўртта янги мактаб барпо этиш ишлари бошланган эди. Ҳозирда уларнинг иккитаси қуриб битказилди. Янги ўқув даргоҳлари тумандаги болалар ва ўсмирлар ҳамда ота-оналар учун муносиб совға бўлди.

Бугунгача энг катта мактаблар 700 ўринли бўларди. 329-умумий ўрта таълим маскани 1680 ўқувчига мўлжалланган. Унга асос солишда 2019 йилда ташкил этилган Президент мактаблари тажрибасидан фойдаланилган.

https://storage.kun.uz/source/6/swN6jgmNlxTCMV71tNheRPVLO1goPXrt.jpg
https://storage.kun.uz/source/6/NMnGIyqqPf4SX8H7IRdSIFbCCmXc0Vmj.jpg

Тўрт қаватли мактабда 48 та ўқув хонаси мавжуд. Шундан 20 таси фан кабинети, 14 таси бошланғич синф хонаси ва яна 14 таси хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган. Лаборатория ва тўгарак хоналари, электрон кутубхона, тиббиёт пункти, ошхона, фаоллар зали, спорт майдонларида замонавий шароитлар яратилган. 

Аҳамиятлиси, бу ерда болаларни ҳозирданоқ аниқ касбларга йўналтириш, ҳунарларга меҳр уйғотиш мақсадларида касбга йўналтириш хоналари ташкил этилган, улар керакли жиҳозлар, асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, мато ва материаллар билан тўлдирилган. 

Таълим сифатини таъминлаш мақсадида мактабга директор танлов асосида, ўқитувчилар эса тест синовлари натижасида ишга қабул қилинган.

Шавкат Мирзиёев мактаб дарсликлари савияси талабга мутлақо жавоб бермаслиги, ўқув дастурларини илғор хорижий билимлар асосида такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Болаларга сифатли таълим бериш, шу билан бирга, 7-синфдан бошлаб касбга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берди.  

https://storage.kun.uz/source/6/BkzvSUELSDlCvNN13MLuTaDi9_7BbCr9.jpg

- Ўғил-қизлар ҳунар ўрганса, ўзига ишончи ортади, дунёқараши ҳам ўсади, ота-онасининг ҳам кўнгли тўқ бўлади. Кейинчалик ижтимоий муаммоларни бартараф этишга маблағ сарфламаслик учун бугун шу маблағни мактабларга беришимиз керак. Болаларимизни ватанпарвар, жамиятга керакли инсон қилиб тарбияламасак, келажакка хиёнат қилган бўламиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, президент ташаббуси билан мактаб дастурига шахмат сабоқлари киритилган эди. Мусиқа хонаси билан танишувда яна бир шундай таклиф билдирилди.

- Ҳар бир ўғил-қиз ҳеч бўлмаса битта чолғу асбобини чалишни билишини истардим, - деди Ўзбекистон раҳбари.

https://storage.kun.uz/source/6/Al7Nf_IoOOLPv_IyA8RbjMMdH480bO8t.jpg
https://storage.kun.uz/source/6/VnOiEp9qAeQDd6-EnvEJscqIX0HYZ3I0.jpg

2019 йили 23 августда ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев мактаб таълимини ривожлантириш буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши зарурлигини таъкидлаган эди. Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда 160 дан ортиқ умумтаълим маскани қурилди, ўнлаб ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.