https://storage.kun.uz/source/6/sD-iGUUpLnGSBwz4YVUt8-du9ESFaa3l.jpg
Фото: Getty Images

Kun.uz | Расмий канал

Трамп ижтимоий тармоқлар фаолиятини қатъийлаштирувчи фармонни имзолади 

АҚШ президенти Дональд Трамп Twitter’даги хабари “ёлғон сақловчи хабар” сифатида белгилангандан кейин мутасадди идораларга ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солишда кўпроқ ҳуқуқ бериши кутилаётган фармонни имзолади.  

Фармоннинг имзоланишида журналистлар иштирок этмаган. Фармон матни ҳали эълон қилинмаган.

Бундан бир кун аввал Трамп ижтимоий тармоқлар фаолиятини тартибга солиш бўйича чоралар киритиши ёки умуман уларни ёптириши мумкинлигини, чунки улар унинг фикрича, республикачиларга ўз қарашларини ифодалашда тўсқинлик қилишга уринаётганини айтган. 

“Республикачиларда ижтимоий тармоқлар ўз платформаларида консерваторлар овозини тўлиқ ўчиргани ҳисси юзага келди. Биз ижтимоий тармоқлар фаолиятини қатъий тартибга соламиз ёки умуман уларни ёпамиз, чунки воқеаларнинг бундай ривожланишига йўл қўя олмаймиз”, деб ёзган Трамп твиттерда.

Бундан аввал Twitter ижтимоий тармоғи Трампнинг иккита хабарини “ёлғон сақловчи хабар” сифатида белгилаганди. Трамп бу твитларида президент сайловларида почта орқали овоз бериш кўплаб сохталаштиришларга олиб келишини айтган. Ижтимоий тармоқ Трампнинг бу гаплари ростлигини текшириб кўриш учун фойдаланувчиларга президентнинг бу таъкидлари ноаниқлиги ва асоссизлиги ҳақидаги хабарларга ўтишни таклиф қилган.

Трамп ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси ҳисобланади. У ҳар куни Twitter’да хабарлар эълон қилиб боради. Баъзида бу хабарлар сони кунига ўнлаб ва ҳаттоки юзлабгача етиши мумкин. Яқинда Трамп хабарларни ўзи ёзишини, бироқ вақти бўлмаганда хабарлар матнини уларни эълон қилувчи ёрдамчисига айтиб туришини маълум қилган. Шунингдек, Трампнинг хабарлари Facebook ва Instagram’да ҳам мунтазам пайдо бўлиб туради.

Трампнинг таъкидлашича, у ижтимоий тармоқларни америкаликларга ОАВ воситачилигисиз тўғридан-тўғри мурожаат қилиш йўли деб ҳисоблайди. АҚШ президентининг фикрича, аксарият ОАВ у ҳақида ёлғон хабарлар тарқатади ва демократларга унга қарши кураш олиб боришда ёрдам беради. Трамп охирги воқеалардан кейин Америка халқи билан бевосита мулоқот қила олиш учун Twitter’даги аккаунтини ўчирмаслигини айтган.

“Агар бизда холис ОАВ бўлганда, мен буни [твиттердаги аккаунтини ўчириш] тезда қилган бўлардим”, деб айтган Трамп журналистларга Оқ уйда.

Трамп Twitter’ни фикрларни ифодалаш учун эркин майдон деб эмас, балки “ўз қарашларини илгари сурувчи” муҳаррир деб ҳисоблашини айтган. Трампда худди шундай эътирозлар Google, Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқларга ҳам бор.

Унинг фикрича, айни вақтда ижтимоий тармоқлар одамларга ОАВдан кўпроқ таъсирга эга.