https://storage.kun.uz/source/6/eJqtLn54soRNypxkyoJ40BRFmpyl8ljY.jpg
Фото: RFE/RL

Kun.uz | Расмий канал

Тожикистон Қирғизистон билан чегарадаги вазиятни барқарорлаштиришда Россиянинг иштирок этишига қарши чиқди

Тожикистоннинг Россия ТИВга йўллаган нотасида қайд этилишича, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиш бўйича музокаралар жараёнига учинчи томоннинг жалб этилиши мақсадга мувофиқ эмас.

Душанбе Қирғизистон билан чегарадаги вазиятни барқарорлаштиришда Москванинг иштирок этишига қарши чиқиб, Россия ташқи ишлар вазирлигига нота йўллади. Бу ҳақда Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Тожикистон ТИВ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 26 май куни КХШТ ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида тожик-қирғиз чегарасидаги вазият борасида айтган фикрларига жавобан "бу масала ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида муҳокама мавзуси бўлмаган"лигини билдирди. 

Қайд этилишича, Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари ўртасидаги чегара масалаларини ҳал қилиш бўйича музокаралар жараёнига учинчи томоннинг жалб этилиши мақсадга мувофиқ эмас.

Нотада "давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш соҳасидаги фаолият КХШТга аъзо давлатларнинг ички иши эканлиги ва фақат икки томонлама асосда олиб борилиши" таъкидланган.

Лавров аввалроқ Тожикистон ва Қирғизистонни куч ишлатишдан тийилиш учун мулоқотга киришга чақирганди. У шунингдек, бу масалада воситачилик қилишга тайёрлигини айтганди.

24 май куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида отишма юз берди. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, республика чегарачилари Қирғизистон ҳудудида чорванинг ноқонуний ўтлатилиши олдини олишган. Таъкидланишича, Тожикистоннинг Ворух анклави аҳолиси томонидан қоидабузарликка йўл қўйилган.  

Тожикистоннинг таъкидлашича, ушбу воқеа Қирғизистон томонидан амалга оширилган иғво бўлган. Тожикистон версиясига кўра, қирғиз чўпонлари Тожикистон ҳудудига кириб бориб, Пули Офтобрўя қишлоғи аҳолиси билан можарога кирган.

Икки қўшни давлат чегарасида маҳаллий аҳоли ва икки томон чегарачилари ўртасида вақти-вақти билан низоли вазиятлар юз бериб туради. Бунинг асосий сабаби чегаранинг баъзи қисмлари аниқ белгиланмагани ва чегара қаердан ўтишини тушуниш қийинлиги ҳисобланади. Охирги шундай можаролардан бири 8 май куни юз берганди. Ўшанда Қирғизистон томондан 3 ҳарбий, Тожикистон томондан 2 киши жароҳат олганди.