Kun.uz | Расмий канал
Туркия осмонида йирик метеорит портлади (видео)
Туркиянинг Трабзон вилояти осмонида йирик метеорит портлади. Антиқа табиат ҳодисаси 28 майга ўтар кечаси юз берган.
Метеоритнинг ёрқин чақнаб портлашини мамлакатнинг бошқа вилоятлари аҳолиси ҳам кузатган. Бу ҳақда Daily Sabah нашри хабар берди.
Само жисмининг портлаши Арманистоннинг Котай вилояти ва Россиянинг Ставропол ўлкасида ҳам кўринган.
Метеорит Ер сиртидан анча юқорида портлаган. Метеорологлар ҳозирча бу айнан метеорит бўлганини тасдиқлашмаган, бироқ объект само жисми бўлганини тахмин қилишмоқда. Шунингдек, метеорит осмонда тўлиқ портлаб кетгани ёки унинг бўлаклари ерга тушгани ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Hurriyet нашрининг хабар беришича, Туркиянинг фавқулодда вазиятлар агентлиги ушбу ҳодиса юзасидан тергов бошлаган.
NASA’нинг оловли шарлар маълумотлар базасида 1988 йилдан бери шундай жисмлардан 822 таси қайд қилинган. Ўртача йилига бундай ҳодисалардан 25тага яқин юз беради. Ер сиртининг катта қисмини сув ташкил қилгани сабабли, метеоритларнинг катта қисми айнан океанлар ва денгизлар устида портлайди.