Kun.uz | Расмий канал
Арвеладзе - Усмоновнинг Шодиев билан таништиргани, Дердийўқнинг маоши ва Адебайорнинг «Пахтакор»дан қанча сўрагани ҳақида
«Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе Россиянинг Sports.ru сайтига интервью бериб, Ўзбекистондан таклиф қандай тушгани, Адебайор «Пахтакор»дан неча миллион маош сўрагани, Дердийўқнинг қанча маош олаётгани ва бир қатор саволларга жавоб берди. Суҳбатнинг қисқартирилган таржимасини ҳукмингизга ҳавола этамиз.
– Шота, ҳозирда «Пахтакор» бош мураббийисиз. Бу қандай юз берди?
– Алишер Усмонов туфайли «Пахтакор» клуби эгаси Бобур Шодиев билан танишдим. Тошкентга бориб, барчасини ўз кўзим билан кўрдим. Ишлаш ва футболни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилганлигига ишонч ҳосил қилдим. Шундан кейин биз яна бир неча маротаба учрашиб, охир-оқибат у мени шартнома имзолашга кўндирди.
– Бу сиз учун орқага ташланган қадамдек туйилмадими?
– Қачонки сен мотивацияни йўқотиб қўйсанг, бу орқага қадам ташлаш бўлади. Ахир, мураббий ишлашни хоҳласа бунинг ёмон жой йўқ. Асосийси – маҳоратни ошириб, фақат олдинга бориш. Шундай ўйнаганман, энди эса шу ақидага амал қилиб фаолият юритяпман. «Пахтакор»да ишлаётганим мотивациямга таъсир қилмайди. Қачонлардир «Реал» ёки «Барселона»да мураббийлик қилсам ҳам худди ҳозирги ишчан кайфиятда бўламан.
– «Пахтакор» қишда Эрен Дердийўқни таклиф этди. Бунга қандай эришдингиз?
– У билан яхши таниш эканлигимизга қарамай, уни кўндириш осон бўлгани йўқ. Эрен энг аввало оиласи ҳақида қайғурди – улар учун қулай ва хавфсиз бўлишини истади. Қолаверса, сўнгги пайтларда Туркияда деярли ўйин амалиётига эга бўлолмаётганди. Бундай пайтда аввало ўзинг учун ҳал қилиб олишинг керак: футболчимисан ёки пулни шунчаки оладиган бизнесмен? У миллий жамоасига қайтишни истайди, Европа ва жаҳон чемпионатида тўп суришни хоҳлайди. Фикримча, Дердийўқ «Пахтакор»га ўтиб ютди – Осиё Чемпионлар лигасида тўп сурмоқда, яхши шароитларга эга.
- Дердийўқ йиллик 1,5 миллион евро маош олаяпти. Адебайорнинг трансфери у кўпроқ сўрагани учун амалга ошмай қолдими?
– Дердийўқ бараварига камроқ олади. Адебайор эса айнан шунча сўраганди, аммо биз бунча тўлай олмасдик. Адебайор билан декабрь ойида Лондонда учрашган эдик. Унинг Тошкентга келиши ва барчасини ўз кўзи билан кўришига келишгандик. Сабаби ҳамма учун ҳам фақат молиявий шартлар эмас, қаерда ишлаши, машғулот ўташи, ўйнаши муҳим. Аммо якунда бу келишув амалга ошмай қолди, у узоқ сафарларга учишни ёқтирмас экан, ҳаттоки бироз қўрқаркан ҳам.
– «Пахтакор» қандай мақсадларни кўзлаган?
– Осиё чемпионлар лигасида ғолиб бўлишни, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида тўп суришни истаймиз. Ўзбекистонлик футболчиларни Европа клубларига сотишни хоҳлаймиз. Буларнинг барчасига барқарор пойдеворни қўймагунча эришиш қийин. Шу боис халқаро майдонда иштирок этаётган клубимизда бу ишларни амалга ошираяпмиз. Мен билан бирга Турция, Грузия, Ўзбекистон ва Голландиядан келган мураббийлар ишлашмоқда. Биргаликда клубимизнинг ўз фалсафасини яратамиз.
– Уч йил ичида бронза, кумуш ва сўнгги йилда 20 очколик катта фарқ билан олтин медалга эга чиқдингиз. Чўққи забт этилгач, нега кетмадингиз?
– Кетиш мажбурий эдими? Буни исталган вақт амалга ошириш мумкин. Тўғри, биз кўп совринларга эга чиқдик, аммо ҳакамнинг ҳуштагидан кейин барчаси тарихда қолади. Клубнинг пойдевори энди қўйилаяпти – янги стадион қурилмоқда, қароргоҳ, академия. Европанинг топ-клублари билан бирга ишлайдиган Бельгиянинг машҳур Double Pass компанияси билан шартнома имзоладик. Жамоанинг ҳар томонлама ўсишига ёрдам беришлари учун уларга жуда катта маблағ тўлаяпмиз.
– Ўзбек футболчиларининг орзу қила олмаслиги ҳақида гапирган эдингиз...
– Уларнинг топ-клубларда ўйнашни орзу қилмасликлари ҳақидами? Орзу қилмаган – орзусига ета олмайди. Грузияга бориб, кўчадаги боладан қаерда тўп суришни орзу қилишини сўрасангиз, у Европанинг топ-клубини айтади. Худди шу саволни Ўзбекистондаги болага берсанг, ундан араб давлатлари ва Осиё деган жавобни эшитасан. Ўзбекистонда 35 миллион аҳоли яшайди, аммо Европа даражасида ўйнаб кета оладиган футболчиси бўлса-да, у ерда улардан битта ҳам футболчи йўқ. Сўнгги уч йилда футболга нисбатан қараш ўзгарди, футбол даражаси ўсди, иқтидорли футболчилар кўпайди. Россия чемпионатининг энг яхши форварди ўзбек эканлиги бежизга эмас.
– Истанбулда коронавирус билан боғлиқ вазият қай аҳволда?
– Сўнгги кунларда ҳолат ижобий томонга ўзгармоқда – касалланганлар сони қисқармоқда, соғайганлар сони эса кўпайган. Шу суръатда давом этса, май якунида ҳаммаси тугайди. Истамбулдаги чекловларга қарамай, кўпчилик сайрга чиқишда давом этмоқда.
– Карантинда вақтни қандай ўтказаяпсиз?
– Ақлдан озишимга оз қолди. Барча сериалларни томоша қилдим, унда нималар бўлмади дейсиз: банкнинг ўмарилиши, отишмалар, уйланишлар, ажралишлар... Яна китоб ўқидим, ўғлим билан футбол, теннис ўйнадик. Кунига 400тадан пресс бажараяпман, аммо ҳеч нарса ўзгармаяпти. Қорин катталашмаслиги учун ўзи нечта бажариш керак?
– Овқатланиш меъёрида бўлиши лозим дейишади...
–Бир ярим ойдан буён уйда ўтирган бўлсак, қандай меъёрида бўлиши мумкин? Қайси хонага кирмоқчи бўлсанг, ошхонадан ўтасан барибир. Ишим ейиш бўлиб қолди ўзи.
Усмон Ибодов таржимаси.