А серия баҳслари қайси учрашув билан бошланади?
Коронавирус пандемияси туфайли вақтинча тўхтаб қолган Италия А Серияси беллашувлари 19 июнь куни бошланади, дея хабар бермоқда Sky Sport Italia нашри.
Шу куни илк учрашувда “Аталанта” ва “Сассуоло” жамоалари куч синашади. Илгарироқ мазкур беллашув 20 июнь куни ўтказилиши режалаштирилганлиги ҳақида хабарлар тарқатилганди. Аммо нашрнинг тасдиқлашича, ўйин Бергамода 19 июнь куни бўлиб ўтади. Бундай қарорга келишининг рамзий маъноси бор: Ломбардия провинциясининг маркази Бергамо шаҳри Италияда коронавирус пендемиясининг эпицентри сифатида қайд этилганди.
Илгарироқ Италия спорт вазири Винченцо Спадафора мамлакат кубоги баҳслари 13-20 июнь кунлари ўтказилишига ишонч билдирганди.
Айни пайтда Италия А серияси турнир жадвалида 26 турдан 63 очко жамғарган “Ювентус” пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринда 62 очко тўплаган Римнинг “Лацио” клуби бормоқда.
Манба : Sky Sport Italia