https://storage.kun.uz/source/6/Hdj4S-g8oSnyne2s5b_kyA0PreqCD_Wk.jpg
Фото: Facebook / Usmonjon Qodirov

Kun.uz | Расмий канал

Фарғонада қамалган журналист воқеаси. Аслида нималар бўлди?

28 май куни жамоатчилик уйга қайтмаган фарғоналик журналист Усмонжон Қодиров масаласини қизғин муҳокама эта бошлади. Кун охирига бориб, унинг қамалгани маълум бўлди. Бугун, 29 май куни у озод этилди. Қодиров билан нималар юз берди?

Даставвал, Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати «Гап ёшда эмас, ниятда...» сарлавҳаси билан хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, 27 май куни «Мухбир Далиев» Telegram-каналида Фарғона телерадиокомпанияси мухбири Усмонжон Қодировнинг «Фарғона вилоятида Президент ташрифига тайёргарлик юқори даражада» сарлавҳали хабари эълон қилинган.

Ҳокимлик ахборот хизмати Усмонжон Қодиров бу хабарда Фарғона шаҳридаги йўлларни асфальтлаш, гулларни суғориш, йўл четларини тозалаш ва ободонлаштириш ишларга жалб этилган масъул идораларнинг ишчилари аслида қаерда ишлашини сўраб-сўриштирмай, аниқлик киритмай туриб, «завод ишчилари» дея ахборот тарқатганини қайд этади.

«Бундан бир кун аввал «Озодлик» радиоси Марғилондаги «Ҳунармандлар маркази»да зарарсизлантириш ишларини олиб бораётган оқ кийимдаги вилоят СЭОМ мутахассисларини «Марғилон шаҳар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари» дея ёлғон ахборот берган эди.

Ушбу ҳолат бўйича Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати далиллар билан асосланган баёнот бергани ва ундан хабардор бўлганига қарамай, Усмонжон Қодиров ижтимоий тармоқда «Менимча, Марғилондаги шифокорлар бўйича гаплар ҳам ростга ўхшайди» деб ёзади», – дейилади ҳокимлик ахборотида.

Вилоят ҳокимлиги муносабатига Усмонжон Қодировнинг халқдан узр сўраб, ёлғон хабар бергани учун кечирим сўрагани акс этган видео илова қилинган.

Шунга қарамай, мухбир мазкур ахборот тарқатилган пайтнинг ўзида маъмурий жавобгарликка тортилди ва қамалди.

Суд қарори

Фарғона шаҳар маъмурий суди қарорига кўра, Қодиров 27 май куни соат 15:30лар чамасида шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида жойлашган Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси олдида карантин талабларига зид равишда қасддан юзига ниқоб тақмасдан кетаётган бўлган. Шу вақтда у ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган Фарғона шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ профилактика инспектори М.Ҳамралиевга дуч келади.

Ўз навбатида, профилактика инспектори унга тартибга риоя қилиш кераклигини айтиб, шахсини аниқлаш учун ИИБ таянч пунктига боришлиги лозимлигини билдирганида Қодиров унинг қонуний талабларини узрли сабабсиз бажармасдан, ходимни ҳақорат қилгани айтилади.

Усмонжон Қодиров Фарғона шаҳар маъмурий судининг раиси С.Курбанов қарорига мувофиқ, МЖтКнинг 54-моддаси («Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш» ) 1-қисми, 183-моддаси («Майда безорилик» ) ва 194-моддаси («Ички ишлар органлари ходимининг ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ қонуний талабларини бажармаслик») 1-қисмида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли топилиб, узил-кесил 15 суткага қамалди.

Шубҳали аудиохабар

Шу кеча уйга қайтмаган Усмонжондан хавотир олган оила аъзолари, дўстлари уни қидира бошлаган. 28 май куни оқшомга яқин Қодиров аудио хабар орқали хавфсиз жойда эканини айтиб, қамоқ ҳақида лом-мим демайди.

«Шу кунларда интернет тармоғи учун ажойиб янгиликни тайёрлаш  ниятидамиз ва ижодий гуруҳимиз билан ушбу ишларни амалга ошириш мақсадида алоҳида студия ташкил этганмиз. У ерда иш жараёнларига киришдик. Иш кўплиги боис интернетга кириш имкони бўлмади», – дейди у Telegram`да тарқатилган аудиохабарда.

Журналист Мавжуда Мирзаева билан суҳбатлашган Усмонжоннинг онаси эса ўғли хизмат сафари юзасидан Сардобага кетяпман, деб айтганини маълум қилди.

«Хавотир олманг, 15 кун Сирдарё вилоятидаги Сардоба туманига хизмат сафари билан кетяпман, деди. У ўша куни уйга келмади», – дейди Қодировнинг онаси.

Ушбу тарқатилган хабарларни Усмонжон ўз истаги билан билдирганини текшириш имконияти бўлмади. Шунингдек, у нега яқинларини алдагани ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмас.

15 сутка 2 суткага алмаштирилиб, мухбир озодликка чиқарилди

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ортидан, 29 май куни Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан Фарғона шаҳар маъмурий судининг 27 майдаги қарорини ўзгартирди.

Усмонжон қилган ишидан пушаймон эканини билдириб, суд залида кўрсатма берган.

Кассация инстанцияси қарорига кўра, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси 2 суткага қисқартирилди. Ушбу муддат ўтаб бўлингани сабабли, Усмонжон 29 майда озодликка чиқди. Шунингдек, у маъмурий қамоқ харажатларидан ҳам озод этилган.

Матбуот эркинлиги индекси: Ўзбекистон 156-ўринда