https://storage.kun.uz/source/6/OVXxBGHG9K2utn2tKLtfcQxI_TR8HYkb.jpg
Фото: Sozcu

Kun.uz | Расмий канал

Импорт бензинга акциз солиғи оширилиши бўйича Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши  муносабат билдирди

«Ўзбекнефтгаз»  АЖнинг фақат нефть маҳсулотлари импортига акциз солиғини 20 фоизга ошириш бўйича таклифи тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашининг котибиятига тақдим этилмаган, деб хабар берилади Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги расмий сайтида.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, ставканинг таклиф этилаётган ўзгариши халқаро мажбуриятлар ва амалиётга мос келмаслиги сабабли кўриб чиқилиши ва қўлланилиши мумкин эмас. 

Шунга қарамай, котибият акциз солиғи сиёсати тез орада ўзгаришини инкор этмаяпти.

«МДҲ доирасида тузилган эркин савдо зонаси тўғрисидаги кўп томонлама битимига қўшилишда Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган мажбуриятларни қайд этиш лозим.

Битимни унинг томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш тўғрисидаги баёнига мувофиқ, 2020 йилнинг 31 декабрида Ўзбекистон томонидан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар ва импорт қилинган товарларга акциз солиғи ставкаларини унификация қилиш учун қабул қилинган ўтиш даври тугайди, яъни белгиланган муддатгача мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган товарларга ўрнатилган акциз солиғи ставкалари умумий махражга келтирилиши керак.

Акциз солиғининг товарлар бўйича унификациясини таъминлаш ЖСТ ва ЕОИИ каби халқаро ҳамда минтақавий ташкилотларнинг ҳужжатлари ва амалиётларида ҳам назарда тутилган», – дейилади хабарда. 

Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши ҳам импорт бензин учун акциз солиғини оширишни таклиф қилди

Таъкидланишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда импорт қилинганда 52 та товар позициясига, маҳаллий ишлаб чиқаришда эса - 15 та позицияга акциз солиғи солинмоқда, хусусан:

42 та товар позициялари бўйича фақат импорт қилишда акциз солиғи солинади;

10 та товар позициялари бўйича импорт қилиш ва мамлакатимизда ишлаб чиқариш (шу жумладан, нефть маҳсулотлари) ҳолатларида бир хил қийматга эга бўлмаган акциз солиғи ставкалари ўрнатилган;

5 та товар позициялари бўйича фақат мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарларга акциз солиғи солинади.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 12 май куни Ивестициялар ва ташқи савдо вазирлигида бўлиб ўтган тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгашининг навбатдаги мажлисида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари эътиборига республика томонидан акциз солиғини солишни унификация қилиш ва тегишли чора-тадбирлар тайёрлаш бўйича ўз зиммасига олинган мажбуриятларни бажариш зарурлиги тўғрисида маълумот ҳавола этилгани билдирилди.

Kun.uz`нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгаш импорт қилинадиган тайёр нефть маҳсулотларига (АИ-80, АИ-91 ва АИ-92) қўйилган акциз солиғини оширишни таклиф қилган.

Ушбу солиқнинг амалдаги ставкаси – 5 фоиз. Бундан олдин «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳам бу ставкани ошириб, 20 фоиз этиб белгилашни таклиф қилгани маълум бўлганди.