Kun.uz | Расмий канал
Фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи белгиланиши мумкин
«Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун (янги таҳрирда) лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Лойиҳага кўра, Конституциявий суднинг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятлар бўйича қонунларнинг конституциявийлигини аниқлаш, Бош прокурорнинг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини аниқлашга оид ишларни кўриб чиқиш ваколатлари ҳам назарда тутилмоқда.
Лойиҳада Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлиши кўрсатилмоқда. Амалдаги Қонунга кўра, Конституциявий суд таркиби етти нафар судьядан иборат.
Конституциявий суд суд мажлисида камида беш нафар судья иштирок этган тақдирда ишларни кўриб чиқиш ваколатига эгалиги назарда тутилмоқда. Амалдаги таҳрирда эса кворум учун камида тўрт нафар судья бўлиши лозимлиги белгиланган.
Амалдаги Қонунда айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланган. Лойиҳада эса бу чеклов назарда тутилмаган.
Таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳасига киритилган энг муҳим янгилик – бу муайян ишда қўлланилган қонун билан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан фуқаролар ва юридик шахслар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг белгиланаётганлигидир.
Янгиликлардан яна бири – бу Қонун лойиҳасига норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг конституциявийлиги презумпциясининг киритилаётганидир. Унга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат, унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмаслиги Конституциявий суднинг суд муҳокамаси натижасида қабул қилинган қарори билан аниқланмагунча, конституциявий ҳисобланади.
Шунингдек, Конституциявий судга мурожаат махсус шаклни тўлдириш орқали электрон имзо билан имзоланган электрон ҳужжат шаклида юборилиши мумкинлиги ҳам назарда тутилмоқда. Амалдаги таҳрирда бу имконият белгиланмаган.
Лойиҳага судьяни рад қилиш тартиби ҳам киритилмоқда.
Қонун лойиҳасига бир қатор янги боблар ҳам киритилган. Жумладан, Конституциявий суд ишларини юритиш иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бобида тарафлар, уларнинг вакиллари, гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари деб эътироф этилган.
Ишни кўриб чиқиш учун тайёрлаш бобида Конституциявий суд давлат органлари ва бошқа ташкилотларга, мансабдор шахсларга ишни суд мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлаш билан боғлиқ бўлган сўровларни юбориши мумкинлиги назарда тутилгани эътиборга молик.
Бундан ташқари, Қонун лойиҳасига суд муҳокамаси, суд мажлисида ишни кўриб чиқиш тартиби, Конституциявий суднинг қарорлари, суд мажлисининг баённомаси, процессуал муддатлар, суд харажатлари, айрим турдаги ишлар бўйича иш юритишнинг хусусиятлари каби янги боблар ҳам киритилган.
Умумий қилиб айтганда, Конституциявий суднинг ваколатлари кенгаяётгани муносабати билан, Қонуннинг янги таҳрири лойиҳасига бошқа процессуал қонунларда мавжуд бўлган кўплаб нормаларга ўхшаш нормалар киритилмоқда. Натижада Қонуннинг 45 моддали амалдаги таҳриридан 113 моддадан иборат янги таҳририга ўтиш таклиф қилинмоқда.