Kun.uz | Расмий канал
Ижтимоий ҳимоя: иккита нафақа ва иккита маълумотнома ДХМ орқали берилади
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентлари тасдиқланди.
Ўтган йили айрим ҳудудларда тажриба лойиҳаси амалга оширилаётганлиги маълум қилинган эди, лойиҳа доирасида фарзанд туғилганда ва дафн маросими учун бериладиган нафақалар Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) орқали тайинланадиган бўлди. Янги ҳужжатга биноан ушбу тартиб республика бўйлаб татбиқ этилади. Тегишли маъмурий регламентлар тасдиқланди.
Norma’нинг ёзишича, бундан ташқари ДХМ орқали қуйидаги маълумотномалар берилади:
фуқаронинг пенсия олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида;
пенсия миқдори тўғрисида.
Нафақалар ва маълумотномаларни расмийлаштириш жараёни тўлиқ автоматлаштирилади. Бунинг учун 2020 йил 1 июнга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали хизматлар кўрсатилиши жорий этилади, шунингдек Пенсия жамғармасининг (ПЖ) маълумотлар базаси ФҲДЁнинг ягона электрон архиви ахборот тизими билан интеграция қилинади.
Фарзанд туғилганда бериладиган нафақа, ПЖнинг ҳудудий бўлимлари томонидан тайинланади ҳамда нафақа олиш учун бола туғилган кундан эътиборан 6 ой мобайнида мурожаат этилган тақдирда ишламайдиган оналарга ДХМ орқали нафақа берилади. Ишлайдиган ва ўқийдиган ота-оналарга нафақа иш ёки ўқиш жойидан тўланади (Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 80-банди).
Дафн маросими учун нафақа қуйидаги ҳолатларда ПЖнинг ҳудудий бўлимлари томонидан тайинланади ҳамда ДХМ орқали расмийлаштирилади:
давлат пенсиясини олувчи пенсионер вафот этганда;
давлат ижтимоий нафақасини олувчи фуқаро вафот этганда;
бола туғилган дастлабки ҳафтада вафот этганда ёки ўлик бола туғилганда (перинатал ўлим);
иш билан банд ёки ишсиз бўлган шахслар ҳамда фуқаролар ёки болаларнинг айрим тоифаларига мансуб бўлган шахслар вафот этганда;
Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар вафот этганда ва улар Ўзбекистон ҳудудида дафн этилганда (Дафн маросими учун нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-банди 1-хатбошиси).
Нафақа дафн маросимини ўтказишни ўз зиммасига олган шахсга берилади.
Ходим ёки унинг қарамоғидаги оила аъзоси вафот этган тақдирда, тегишли корхона, муассаса ёки ташкилот томонидан нафақа тайинланади ва тўланади (Дафн маросими учун нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 6-банди 2-хатбошиси).
Нафақа ва маълумномаларни олиш учун мурожаат қилиш тартиби
Иккала турдаги маълумотномаларни олиш тартиб-таомиллари бир хил. Хизматлардан ДХМга ўзи келиб ёки ЯИХДП орқали онлайн тарзда фойдаланиш мумкин. Хизматларни олиш учун мурожаат этилганда электрон сўровнома тўлдирилади, унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади: ариза берувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг паспорт серияси ва рақами, ЖШШИР, туғилганлик (вафот этганлик) ҳақидаги гувоҳноманинг серияси ва рақами, болага (марҳумга) алоқадорлиги ва бошқалар. Ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш талаб этилмайди. Тўлдирилган сўровнома 5 дақиқа мобайнида ПЖ бўлимига юборилади, у ерда 5 дақиқа мобайнида нафақа пули тайинланади ёки уни тайинлаш рад этилади (сабаблари кўрсатилади). Кейин ПЖ бўлими нафақани қачон ва қаердан олиш кераклиги ҳақида хабардор қилади.
Фуқаронинг пенсия олувчилар рўйхатида мавжудлиги ҳақида ҳамда пенсия миқдори тўғрисидаги маълумотномаларни ДХМ орқали олиш тартиби юқорида айтиб ўтилган тартибга ўхшашдир. Барча тартиб-таомиллар бажарилганидан кейин QR-код (матрик штрих-код) қўйилган маълумотнома расмийлаштирилади.
Хизматлар бепул кўрсатилади.
Ҳужжат 23.05.2020 йилдан кучга кирди.