https://championat.asia/upload/storage/569701_original.jpg

Диёр Имомхўжаев раҳбарлигидаги делегация Ғузорда бўлди

Куни кеча, "Шўртан"нинг Ғузордаги қароргоҳига Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ҳамда Профессионал Футбол Лигаси вакиллари расмий ташрифни амалга оширишди.

Яқиндагина ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи лавозимига тайинлаган Диёр Имомхўжаев раҳбарлигида Тошкентдан келган делегация аъзолари жамоамиз футболчи ва мураббийлари билан учрашишди. Суҳбат давомида “Шўртан” ПФК вакиллари шаффоф ва ҳалол ўйин ҳақида тушунтирилди ҳамда огоҳлантирилди, шу билан бирга зарур маслаҳатлар айтиб ўтилди.

Делегация билан бирга ташриф буюрган давлат хавфсизлик хизмати ходимлари футбол учрашувлари орқали тотализатор ҳамда бошқа ноқонуний ўйинларда қатнашган, ҳужжатларни расмийлаштириш вақтида қонундан ташқари ҳаракатларни амалга оширган ва бу жараёнларда хайрихоҳлик кўрсатган ҳар қандай шахс Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигида белгилаб қўйилган тартибда жиноий жавобгарликка тортилиши муқаррар эканлигини таъкидлашди. Шунингдек, бу салбий ҳолатлар, нафақат ҳар бир инсоннинг ўз шахсий обрўсига, балки бутун бир 100 йиллик тарихга эга Ўзбек футболининг мавқеига ва эътиборига путур етказиб қўйиши мумкинлиги тўғрисида ҳам огоҳлантирди.

Шу ўринда, бу каби жиноятчиликнинг олдини олиш ва жазони кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5887 қарорида ҳам кўзда тутилганлиги ва ушбу масала ҳозирги даврда тасдиқдан ўтиш жараёнида эканлиги эслатиб ўтилди.

Шу билан бир қаторда пандемия туфайли ноъмалум муддатга қолдирилган ҳамда давом эттирилиши кутилаётган футбол мусобақаларига жиддий тайёргарлик кўриш, чемпионат ўйинлари вақтида, шу билан бирга уларнинг бошланиши олдидан карантин қоидаларига қатъий риоя қилиш, касалликларни олдини олиш мақсадида махсус инспекция ташкил этилиб, санитария ва эпидемиалогия ташкилотлари томонидан тегишли чора тадбирлар ўтказилиши ҳамда тасдиқланиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Манба : “Шўртан” ПФК матбуот хизмати