Kun.uz | Расмий канал
Хорижий авиация парвозларга рухсатнома олади
Вазирлар Маҳкамасининг 23.05.2020 йилдаги “Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 324-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президентнинг "Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 27 ноябрдаги ПФ-5584-сон Фармонини бажариш доирасида ишлаб чиқилган.
Norma’нинг ёзишича, низом қуйидагиларни назарда тутади:
фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровномани тақдим этиш ва рухсатнома бериш тартиби;
бир марталик парвозни амалга ошириш учун тақдим этилиши шарт бўлган маълумотлар рўйхати;
Ўзбекистон ҳаво ҳудуди орқали транзит парвозни амалга ошириш учун сўровномани тақдим этиш муддатлари.
Бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровнома хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантлари томонидан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигига парвозни амалга оширишдан камида 3 кун олдин тақдим этилади.
Ариза берувчи сўровномани инглиз ёки рус тилида Ўзбекистон Республикаси Аэронавигация маълумотлари тўпламида эълон қилинган манзилларга мавжуд алоқа каналлари Интернет, почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари орқали тақдим этади.
Ариза келиб тушган кундан эътиборан уч кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилади, тақдим этилган ҳужжатларнинг нусхаси "Uzbekistan Airports" АЖ ҳамда "O`zaeronavigatsiya" Markazi"га ҳам келишиш учун юборилади.
Рухсатнома унда кўрсатилган ҳаво кемасининг учиш вақтидан эътиборан 72 соат давомида амал қилади.
Ҳужжат 23.05.2020 йилдан кучга кирди.