Kun.uz | Расмий канал

Давлат органларида конфиденциал иш юритиш тартиби тасдиқланади 

Давлат органларида конфиденциал иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси давлат органларида конфиденциал иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Давлат органларида конфиденциал иш юритиш ва унинг ҳолати («Конфиденциал» грифи бўлган ҳужжатлар, иш жилдлари ва нашрларни рўйхатга, ҳисобга олиш, кўпайтириш, сақлаш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш) учун жавобгарлик девонхоналар зиммасига юкланади.

Девонхона конфиденциал ҳужжатлар билан ишлашда ташкилий ва услубий раҳбарликни амалга оширади, шунингдек, давлат органининг таркибий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотларда кирувчи конфиденциал ҳужжатлар ижросини назорат қилади.

Конфиденциал ҳужжатлар билан ишлашга рухсат этилган ходим билан Ўзбекистон Республикасининг «Тижорат сири тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Конфиденциал ахборот ва тижорат сирини ошкор қилмаслик тўғрисида Қўшимча келишув тузилади.

Конфиденциал ҳужжатлар билан ишлашдан аввал ходим тегишли ҳисобга олиш шаклларига имзо қўйган ҳолда ушбу Йўриқнома, Махфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар рўйхати, конфиденциал ахборотга тегишли маълумотлар билан ишлашни тартибга солувчи бошқа норматив ҳужжатлар билан танишиши шарт.

Ҳужжатни конфиденциал тоифасига киритиш ва «Конфиденциал» грифини қўйиш тўғрисидаги қарор юқорида кўрсатилган Махфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар рўйхати асосида қабул қилинади:

ижрочи томонидан – ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш давомида;

давлат органи ёки унинг таркибий бўлинмасининг раҳбари томонидан – ҳужжатни келишаётганда ёки имзоланганда.

Давлат органларининг раҳбарлари ҳамда ваколатли ходимлари ушбу давлат органида тайёрланган, шунингдек, уларнинг таркибий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлардан олинган ҳужжатлар ва нашрлардаги маълумотлар «Махфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар рўйхати»да кўрсатилган маълумотларга мос келмаса, шунингдек, улардаги маълумотлар ўзгартирилганда, конфиденциаллиги ва аҳамияти йўқолганда «Конфиденциал» грифини (уларни бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилган ҳолда) бекор қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Давлат органларининг раҳбарлари ва ваколат берилган ходимлари имзоланаётган ҳужжатлар ва нашрларнинг конфиденциал маълумотлар сирасига киритилишининг асосланганлиги, шунингдек, улардан «Конфиденциал» грифини бекор қилиниши учун шахсан жавобгар бўладилар.

Конфиденциал ҳужжатларни қайта ишлаш фақат сертификатланган электрон ҳужжат айланиши тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши керак.

Конфиденциал ҳужжатлар матнларини тузиш ва расмийлаштириш умумий иш юритиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади, ушбу Йўриқномада кўрсатилган хусусиятлар бундан мустасно.

Давлат органлари раҳбарлари, девонхона ходимлари ва конфиденциал ахборот билан ишлашга рухсат этилган ходимлар уларнинг конфиденциаллиги сақланиши, ошкор этилиши, шикастланиши ҳамда ўғирланишининг олдини олиш бўйича барча чораларни кўришлари зарур.

Давлат органларининг раҳбарлари конфиденциал ҳужжатларга бевосита дахлдор бўлган ходимларгагина бу ҳужжатлар билан ишлашга рухсат берадилар. Бундай ҳужжатлардан фойдаланишга рухсат давлат органи ёки унинг таркибий бўлинмаси раҳбарининг ўз қўли билан қўйган резолюцияси ҳисобланади.

Конфиденциал ҳужжатлар билан танишиш ва ижрочиларга тарқатиш асосланган ва минималлаштирилган бўлиши керак.

Конфиденциал ҳужжатлар билан ишлашга рухсат ходим томонидан конфиденциал ахборотни муҳофаза қилишга қўйиладиган талаблар лозим даражада бажарилмаган ҳолда давлат органи раҳбарининг қарори билан тўхтатилиши ва тегишли шаклларда ҳисобга олиниши мумкин.

Конфиденциал ҳужжатларни расмийлаштириш, рўйхатга олиш, нусха кўчириш (кўпайтириш), ҳисобга олиш, сақлаш ва йўқ қилиш ишлари олиб бориладиган хизмат хоналари уларга бегона шахсларнинг назоратсиз кириш имкониятини истисно қилиши ва ҳужжатларнинг сақланишини кафолатлаши керак. Хоналарнинг кириш эшикларига ушбу хоналарнинг ишончли ёпилишини кафолатлайдиган қулфлар ўрнатилади. Бу хоналар марказий назорат пульти билан боғланган қўриқлаш сигнализацияси билан жиҳозланади.