Данияда мухлислар ўйинни стадионда томоша қилишмоқда, аммо...
Аста-секин Европа мамлакатларида футбол бўйича миллий чемпионатлар "рестарт" олмоқда.
Кеча, 28 май куни Дания чемпионатининг 24-туридан ўрин олган "Орхус" ва "Раннерс" ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Коронавирус эпидемияси туфайли стадионларга мухлислар киритилмаяпти. Бироқ "Орхус" клуби баҳс ўтказилишидан бир ҳафта аввал ўйинни "Zoom" программаси орқали томоша қилиш мумкинлигини эълон қилди. Маълумот учун: Zoom - аудио ва видео конференциялар ўтказиш учун мўлжалланган илова.
Виртуал чипталар текинга берилди. Уларни клуб расмий сайтидан олиш мумкин эди. Аммо бу трансляция телевизордаги эфирдан нимаси билан фарқ қилади дейишингиз мумкин. Ўйин вақтида трибуналарга ўрнатилган экранларда мухлислар ва уларнинг уйлари намойиш этилди.
Баҳсни томоша қилган деярли барча ишиқбозлар учрашув пайти "Орхус" рамзи акс этган футболка ёки шарфда эди. Кимлардир ўйинни клуб футболкалари коллекцияси фонида томоша қилган бўлса, бошқалар баҳсни дўстлари ёки оиласи даврасида кўрди.
Ўйинни "Zoom" орқали томоша қилмаганларнинг бир қисми баҳсни очиқ осмон остидаги автокинотеатрда кузатди.
Баҳсни жонли эфирда томоша қилган мухлислар "Орхус"ни 92-дақиқада мағлубиятдан қутилиб қолганига гувоҳ бўлишди.
Манба : B/R Football