Kun.uz | Расмий канал
Конституциявий суд тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги Конституциявий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Қайд этилишича, Конституциявий суд қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи суд ҳокимияти органидир.
Конституциявий суд:
Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;
фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятлар бўйича қонунларнинг конституциявийлигини аниқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;
конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Шунингдек, Конституциявий суд:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига қонун лойиҳаларини киритишга;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасини, Сенатини тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилиши учун розилик беришга;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқлигини аниқлашга оид ишларни ҳам кўриб чиқади.
Конституциявий суд қайд қилинган ваколатларни амалга ошираётганида бошқа судларнинг ёки ўзга органларнинг ваколатларига кирадиган барча ҳолларда ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва текширишдан ўзини тияди.
Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган шахслар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.
Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.
Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати – беш йил.
Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади.
Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.