https://storage.kun.uz/source/6/hnilXOeRK_ptw_4eemEeIzjb_Gki_Wx1.jpg

Kun.uz | Расмий канал

Саудия Арабистонида 90 мингдан кўпроқ масжид яна очилади 

Саудия Арабистонида коронавирус пандемияси сабабли ёпилган 90 мингдан кўпроқ масжид ва намозгоҳ 31 май бомдод намозидан бошлаб яна очилади. 

Бу ҳақда подшоҳликнинг ислом ишлари бўйича вазирлиги Twitter’да маълум қилди. 

Таъкидланишича, масжидлар очилиши учун охирги тайёргарлик ишлари якунланмоқда. Жумладан, уларда дезинфекциялаш ишлари ўтказилмоқда.

Вазирлик масжидларга коронавирусга чалиниш хавфи гуруҳига кирувчи кекса ёшлилар ва болалар келмаслигини мақсадга мувофиқ деб айтган. Масжидларга ниқобларда келиш ва қўлларни ювиш ҳамда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш буюрилган. Шу мақсадда масжиддаги гиламларда махсус белгилар қўйиб чиқилган. Бундан ташқари, масжидларга намоздан 20 дақиқа олдин келиш мумкин. Намоз адо этилгандан 20 дақиқа ичида масжидлар ёпилади.        

Охирги маълумотларга кўра, подшоҳликда коронавирусга чалинганлар сони 80 мингдан ошди, ундан 441 киши вафот этган.