Kun.uz | Расмий канал
Хориждаги ватандошлар ўз ғояларини Ўзбекистонда амалга оширишлари учун танлов эълон қилинди
15 июндан бошлаб Тошкент шаҳрида «World Vatandosh Accelerator» (WVA – Ватандош халқаро акселератори) танлови бошланади.
Лойиҳадан мақсад – айни вақтда хорижда истиқомат қилаётган, Ўзбекистондаги маълум соҳага инвестиция киритиш ниятида бўлган ватандошларга кўмак беришдир.
Бир нечта босқичда бўлиб ўтадиган ушбу танлов ниҳоясида муносиблар тақдирланади ва ўз ғояларини амалга оширишларига имконият берилади, деб маълум қилди танлов ташкилотчиси – «Ziyo Forum» илм-фанни ривожлантириш фонди директори ўринбосари Беҳруз Ҳамзаев.
«Танловни ўтказишдан мақсадимиз – Ўзбекистонда қатор соҳаларни янада ривожлантириш, хориждаги ватандошларимизга маълум бир лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистонга тўғридан-тўғри инвестиция киритишларидаги бюрократик тўсиқларни енгишда амалий кўмак беришдир.
WVA – бу онлайн платформа бўлиб, унда хорижда ўз йўналиши бўйича қатор ютуқларга эришган ватандошларимизнинг туризм, АКТ, қишлоқ хўжалиги, юқори технология ва бошқа муҳим иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ва оптималлаштиришга қаратилган ғоялари мужассамлашади.
Бизнинг вазифамиз – уларга турли вазирлик ва ташкилотлар билан алоқа қилишларида ёрдам беришдир.
Чет эл мамлакатларида ютуқларга эришган ватандошларимиз юртимизга маълум соҳада инвестиция киритиш истагида бўлсалар, ушбу танловда иштирок этишлари мумкин.
Маълумот ўрнида айтишими мумкинки, хорижда тахминан 5-6 млн нафар ватандошларимиз истиқомат қилишади. Улар орасида йирик компаниялар бошқарувчилари, бизнесменлар ва етакчи олимлар ҳам талайгина. Улар Ўзбекистон учун фойдали тажрибалари билан ўртоқлашишлари мумкин.
Юқорида айтиб ўтдим: номзодлар ўз ғояларини реализация қилишлари учун ўзлари тўғридан тўғри инвестиция киритишлари мумкин. Шу билан бирга, агар зарур бўлса, ҳукумат ҳам уни молиялаштиради.
Демак, саралаб олинган лойиҳаларни тезроқ амалга ошириш ва уни бозорга олиб чиқиш учун фондимиз унга инвестиция киритади, зарур инфратузилмани яратади, вазирлик ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатишга кўмаклашади, зарур бўлса, лойиҳага мутахассисларни жалб этади ва керакли маълумотларни олишда амалий ёрдам беради.
Танловга ҳужжатларни сайтимиз орқали 15 июнгача жўнатиш мумкин. Бир ҳафта давомида аризалар ўрганилади ва 22 июнь куни ғолиблар аниқланади. Июль ойидан бошлаб эса сараланган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этила бошланади.
Номзодлар томонидан таклиф этиладиган лойиҳалар маълум талабларга жавоб бериши лозим. Бунда маълум муаммо танлаб олиниши ва унинг ечимига оид метод ва технологиялар таклиф этилиши, ҳаётга татбиқ этиш механизми ва молиялаштириш режаси келтирилиши керак.
Лойиҳаларни саралаш учун Ўзбекистондаги турли соҳа етакчи вакилларидан иборат гуруҳ тузилади. Муносиб деб топилган лойиҳалар муаллифлари ўз ишларини ҳаётга татбиқ этишларида соҳа мутахассислари билан ўзаро муҳокама қилиш учун таклиф этилади», – дейди Ҳамзаев.