http://uza.uz/upload/iblock/e14/bola_u_u_larini_imoya_ilish_tizimini_takomillashtirish_b_yich.jpg

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4296-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

болалар ва уларнинг қонуний вакиллари орасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тушунтириш, бола ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти ҳақидаги халқаро ҳамда миллий нормалар қоидаларини тарғиб қилиш;

аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга кўмаклашиш;

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш;

бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг ижросини ўрганиш;

ўз ваколати доирасида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари халқаро стандартларини қонун ҳужжатларига татбиқ этишни ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш ҳолатидан жамоатчиликни хабардор қилиш;

имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мақсадли коммунал уй-жой фондидаги белгиланган санитария ва техник меъёрларга ҳамда қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб берадиган турар жой билан таъминланишига кўмаклашиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, бунда боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга қаратилган нормаларни қабул қилиш, шу жумладан, бола ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;

маслаҳат, тавсия ва хулосалар бериш орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (кейинги ўринларда – Вакил) ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради;

Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас;

Вакилга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин;

Вакилни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек, унинг шахсий буюмлари, юки, транспорти, турар жойи ва хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Вакилнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

Вакил ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя қилиниши ҳолати ҳақида маъруза тақдим этади;

бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши мумкин;

Вакил Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўзининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи минтақавий вакилларига эга бўлади;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Вакил билан келишилади.

4. Вакилга ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий ва бошқа ахборот ва материаллар сўраб олиш;

давлат органларининг маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш;

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиш ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш;

бола ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни мониторинг қилиш ва мурожаатлар кўриб чиқиш доирасида давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ҳаракатларида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш;

қонунда назарда тутилган ҳолларда боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилиш;

боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида қонунда белгиланган ҳоллар ва шаклларда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;

аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар бўйича сўровномалар ўтказиш, шунингдек, бола ҳуқуқлари амалга оширилиши тўғрисида статистик маълумотлар йиғиш ва маълумотлар базасини шакллантириш;

бола ҳуқуқлари масалалари бўйича ўқув дастурлари тайёрлашда иштирок этиш, унинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ўқув-семинарлар ва тренинглар ташкил қилиш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир эксперт ва илмий-таҳлилий ишларни амалга ошириш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, шунингдек, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда, шу жумладан, шартнома асосида жалб қилиш;

болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан, таълим, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам равишда ва монеликсиз кириш;

Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган ва хорижий давлат ҳудудида бўлган боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги келишувларга ва бошқа шартномаларга мувофиқ бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд органларига ва омбудсманларига сўровномалар юбориш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш, уларнинг аъзолигига кириш, шунингдек, бошқа давлатлар омбудсманлари билан ҳамкорлик қилиш;

инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум, келишувлар тузиш, қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, бола ҳуқуқлари масалалари юзасидан халқаро форумларда мунтазам равишда иштирок этиш.

5. Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини мониторинг қилиш мақсадида Вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) ташкил этилсин.

Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга кўмаклашиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимидаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳолати ҳамда Вакил фаолияти юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиш.

Белгилаб қўйилсинки, Кенгаш таркибига обрў-эътиборли фуқаролар, олимлар, экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари киритилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда уч ой муддатда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш тавсия этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунга мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда киритилишини таъминлаш;

“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Вакилни давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхатига қўшиш бўйича ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини белгиланган тартибда киритиш тавсия этилсин.

8. Вакил 2020 йил 1 ноябрга қадар бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳолатни танқидий ўрганиш асосида мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва соҳани такомиллаштириш бўйича таклифларни киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятини зарур шарт-шароитларга эга бўлган алоҳида бино (хоналар) билан таъминлаш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда расмий статистик тўпламлари, шу жумладан, уларнинг электрон шакллари мажбурий равишда юбориладиган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                              Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 29 май

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png