http://uza.uz/upload/iblock/318/samar_andda_turizm_ishlo_i_tashkil_etishga_kirishildi.jpg

Самарқандда «Туризм қишлоғи» ташкил этишга киришилди

Самарқанд туманидаги Конигил маҳалласи ҳудудида намунавий типдаги «Туризм қишлоғи» ташкил этиш ишлари бошланди.
Бугун ушбу маҳаллада Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.Нуруллаев ва Самарқанд тумани ҳокими Н.Мавлонов ҳамда соҳа вакиллари ҳудудда амалга оширилиши белгиланган лойиҳалар бўйича фикрлашиб олди.
Конигил – Самарқанд қоғози, кулолчилик, дурадгорлик ва бошқа ҳунармандчилик анъаналари бугунги кунга қадар сақланиб қолган ҳудуд саналади. Бу ерга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар келиб, халқимизнинг қадимий анъана ва қадриятлари, миллий ҳунармандчилик намуналари билан танишишади. Жумладан, тарихий Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш жараёнлари, конигиллик кулолларнинг иши сайёҳларни ўзига ром этиб, уларни бу манзилга чорлайверади.
Эндиликда қишлоқнинг инфратузилмаси янада яхшиланиб, мадиний-кўнгилочар дастурлар ташкил этиш учун имконият яратилади. Қишлоқдаги биноларнинг тарихий қиёфаси тикланади. Меҳмон уйлари, овқатланиш шохобчалари фаолияти йўлга қўйилади. Меҳмонларнинг табиат қўйнида дам олишлари ҳамда сайр қилишлари учун Сиёб ариғи атрофида пиёдалар йўлаги, дам олиш масканлари ташкил этилади.

http://uza.uz/upload/medialibrary/466/photo_2020_05_29_15_41_04.jpg

Қишлоқ аҳолисининг сўзларига кўра, қадимда бу ердан оқиб ўтувчи Сиёб ариғи атрофида 40 дан ортиқ жувозлар бўлган экан. Туризм қишлоғи ташкил этилиши давомида бу жувозлар ҳам тикланади.
Бундан ташқари Конигил қишлоғида зиёрат, агро, саноат, тиббиёт ва бошқа туризм йўналишлари ташкил этилади.
Қишлоқдаги хонадонлар томорқаларини намунали қилиб тартибга келтириш, ҳунармандчилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун аҳолига кредитлар ажратилади, қўллаб-қувватланади.
Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаментининг маълум қилишича, бу ишларни жорий йилнинг август ойига қадар якунлаш кўзда тутилган.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png