Ёшларни тамакидан асраш бўйича видеоанжуман
Тошкентда 31 май – Халқаро тамакисиз кун муносабати билан ёшларни ушбу зарарли маҳсулотдан, шунингдек, тамаки саноати маркетингидан ҳимоя қилишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва “Ибн Сино” жамоатчилик фонди ҳамкорлигида видеоалоқа шаклида ташкил этилди.
Халқаро тамакисиз кун ҳар йили 31 майда барча мамлакатлар ҳукуматлари ва жамоатчилиги эътиборини жалб қилиш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) шафелигида нишонланади. Бу йилги сана “Ёшларни тамакидан ҳимоя қиламиз: ҳаракат қилиш вақти келди!” шиори остида ўтказилди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси, Campaign for Tobacco-Free Kids (АҚШ) тузилмаси, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тамакига қарши кураш бўйича мувофиқлаштирув кенгаши халқаро экспертлари иштирок этди.
ЖССТ маълумотига кўра, ҳар йили 8 миллиондан зиёд киши тамаки чекиш оқибатида ҳаётдан кўз юммоқда. Ўлимларнинг 7 миллиондан ортиғи бевосита тамаки истеъмоли туфайли, 1,2 миллионга яқини эса чекмайдиган, лекин тамаки тутуни таъсирида бўлган кишилар билан рўй беради.
Тамаки саноати корхоналари даромад олиш илинжида чекувчиларни кўпайтиришга зўр бермоқда. Дунё бўйича биргина маркетинг ва реклама учун йилига 8 миллиард АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланади.
Тамаки компаниялари ёшларни жалб қилиш мақсадида маҳсулотларини кўргазмали равишда болалар кўзи тушадиган тарзда жойлаштиради. Айрим давлатларда тамаки ва электрон сигаретларни тарғиб қилиш учун таниқли тармоқ персонажларига ҳомийлик қилади, ёшлар учун бепул намуна ва реклама материаллари тарқатади, мактаб ва университетларда стипендиялар билан таъминлайди. Йирик спорт тадбирлари ёки жамоаларга ҳомийлик орқали тамаки компаниялари ўз логотипларини жойлаштиради. Болаларга ёқадиган тамакисиз хушбўй тўлдиргичлар, чилим учун тамаки ва электрон сигаретлар таклиф қилади, кичик ўрамли сигаретлар ишлаб чиқариш, сигарет ва бошқа маҳсулотларни доналаб сотиш орқали чекишни рағбатлантиради.
Шу боис эндиликда бутун дунёда ёшларни йирик тамаки бизнесига қарши курашга қўшилишга даъват этадиган кўплаб тадбирлар, маркетингга қарши кампаниялар мунтазам ўтказилмоқда.
Ушбу тадбир "СОVID-19" пандемияси даврида, айниқса, муҳим. Чунки айнан кашандалар коронавируснинг оғир шаклига дучор бўлиши маълум. ЖССТ жорий йилда ўтказган тадқиқоти натижалари "СОVID-19" касаллигига чалиниш эҳтимоли тамаки чекмайдиган кишилардан кўра, кашандаларда кўпроқ эканини исботлади.
Видеоанжуманда Ўзбекистон ҳукумати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сигарет, чилим, электрон сигарет ҳамда таркибида никотин бўлган маҳсулотларнинг ёшларга сотилишини камайтириш бўйича кўрилаётган чоралар муҳимлиги қайд этилди. Тамакининг аҳоли саломатлиги ва мамлакат иқтисодиётига келтирадиган зарарини ҳисобга олган ҳолда, барча соҳалар, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳар бир кишининг фаоллик кўрсатиши ниҳоятда долзарблиги таъкидланди.
Ўзбекистонда жамоат жойларида чекишни тақиқлаш тўғрисидаги қонунни амалга ошириш, янги тамаки маҳсулотларини тартибга солиш, носвойни ман қилиш ҳамон жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.
– Мазкур тармоқлараро вебинар тамакидан ҳоли янги авлодни шакллантириш йўлидаги навбатдаги қадамдир, – деди ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианн Куппенс хоним. –Мақсадимиз кишиларни билимдон, масъулиятли бўлишга ва тамаки саноати манипуляцияларидан қутулишга чорлашдир.
Анжуман иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан айни йўналишда қонунчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. ЖССТ Европа минтақавий бюросининг тамакига қарши кураш бўйича глобал чақириқлари ҳамда бошқа мамлакатлар мисолида ёшлар ҳимояси тўғрисидаги тақдимоти, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тамакига қарши кураш бўйича мувофиқлаштирув кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ибн Сино” жамоатчилик фонди тақдимотлари намойиш этилди.