БИРИНЧИ ЧОРАК: Атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори белгиланган меъёрга нисбатан камайтиришга эришилди
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш масаласи амалга оширилаётган иқтисодий-экологик ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли, «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси томонидан тасдиқланган режага асосан тизимга оид корхоналарда экологик ишлаб чиқариш назоратига катта эътибор қаратилади.
Жумладан, тизимдаги ҳар бир бошқарма ва корхонада атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича 2020 йил учун ҳудудий экология қўмиталари билан келишилган ҳолда 277 чора-тадбир ишлаб чиқилди. Шу пайтга қадар ушбу чора-тадбирларнинг бажарилишига 548,3 миллион сўм сарфланди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида атмосфера ҳавосига ташланадиган ташланмалар 6639,7 тоннага, оқова сувлар ташланмалари 145,1 тоннага ва чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши белгиланган меъёрга нисбатан 12507,2 тоннага камайтиришга эришилган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонини ижросини таъминлаш юзасидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг газоил гидрирлаш технологик қурилмасидаги катализатори алмаштирилиб, Евро 4, 5 талабларига жавоб берадиган дизель ёқилғисини ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилгани ҳам табиатни муҳофаза қилишда ижобий кўрсаткичларни беради.
Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги корхоналар орасида Муборак газни қайта ишлаш заводида атмосфера ҳавосига чиқариладиган ташланмаларнинг юқори кўрсаткичи ҳолати мавжуд бўлиб, ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида заводдаги ишдан чиққан қувватлар ўрнини қоплаш мақсадида олтингугурт ишлаб чиқариш қурилмасини барпо этиш режалаштирилган. Қурилманинг ишга туширилиши натижасида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган олтингугурт ангидриди СО2 газини 5-6 минг тоннага камайтиришга эришилади.
Бошқарма ва корхоналардаги газ, чанг тозалаш қурилмалар, оқова сувларни тозалаш иншоотларнинг белгиланган меъёрда ишлаши, чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш каби тартиблари ҳам доимий назоратда.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати