Навоий вилоятида карантин қоидалари кучайтирилмоқда
Сўнгги кунларда айрим ҳудудларда аҳоли орасидан коронавирус инфекциясига чалинганлар учраётгани аҳолидан янада ҳушёр бўлиб, карантин қоидаларига қатъий амал қилиш лозимлигини кўрсатмоқда. Жумладан, юртимизнинг бир қанча ҳудудлари қатори, Навоий вилоятида ҳам аҳоли орасида касалликка чалинаётганлар учраётганлиги ташвишли бўлмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тиббиёт ходимларини касбий малакасини ривожлантириш маркази директори ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори ўринбосари бошчилигида юқори малакали шифокор-олимлар, жумладан, эпидемиолог, инфекционист, оториноларинголог, реаниматолог, пульмонолог, хирургҳамда врач-лаборант каби қатор мутахассислардан иборат махсус гуруҳ Навоий вилоятига юборилди. Улар ҳудудда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни янада кучайтириш, беморларни самарали даволаш борасида маҳаллий мутахассисларга яқиндан амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 119 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. Бугунги кун ҳолатига кўра, улардан 12 нафари соғайган бўлса, қолган 107 нафар беморга шифокорларимиз томонидан самарали даволаш муолажалари олиб борилмоқда.
Таҳлилларга кўра, вилоятда касаллик, асосан, бешта ўчоқ орқали тарқалганини кўриш мумкин. Жумладан, биринчи катта ўчоқ Зарафшон шаҳрида, иккинчи ва учинчи ўчоқлар Хатирчи туманида, тўртинчи ўчоқ Конимех туманида ҳамда бешинчи ўчоқ Томди туманида юзага келган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳудудда карантин қоидаларини янада кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ички ишлар, прокуратура ходимлари билан биргаликда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, беморларни даволаш ҳамда карантиндаги фуқароларни тиббий кузатувга олишни янада самарали йўлга қўйиш борасида изчил фаолият олиб борилмоқда.
Жумладан, эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, асосий ўчоқ бўлмиш, Зарафшон шаҳри «қизил» ҳудуд тоифасига киритилган. Бундан ташқари, жорий йил 26 май кунида касаллиги аниқланган беморлар (31 нафар) билан мулоқотда бўлган 300 нафарга яқин фуқаро карантинга олинган: шундан 104 нафари уй карантини, 182 нафари эса стационар карантинга жойлаштирилган. Вилоятнинг яна қатор туман ва шаҳарларида ҳам юзлаб фуқаролар уй ва стационар карантинга олиниб, қатъий тиббий кузатувга олинган.
Шунингдек, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, тегишли махсус комиссия қарори билан жорий йил 8 майдан бошлаб, босқичма-босқич Зарафшон шаҳридаги 11 та маҳаллада кучайтирилган карантин қоидалари сақлаб қолиниб, транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланиши белгиланди. Бундан ташқари, Хатирчи туманидаги 6 та маҳаллада ҳам карантин қоидалари кучайтирилган.
Умуман олганда, юртимизнинг айрим ҳудудларида аҳоли орасида касалланиш ҳолатларининг кузатилаётгани аҳолидан огоҳ бўлиб, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўзи ва яқинларининг хавфсизлигига эътиборли бўлишлари талаб этилади.
Айни ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзимизни ва оиламиз хавфсизлигини сақлаш учун аҳолидан яна бир бор карантин қоидаларига , жумладан, кўчага сабабсиз чиқмаслик, зарурат юзасидан чиққанда ижтимоий масофани сақлаш, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақишда давом этиш каби қатор эҳтиёт чораларини кўриб,белгиланган қоидаларга қатъий амал қилишларини сўрайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими