http://uza.uz/upload/iblock/1b3/af_onistonda_uyushma_mutakhassislari_tomonidan_yaratilgan_mo.jpg

Афғонистонда уюшма мутахассислари томонидан яратилган модул цехнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди

«Ўзёғмойсаноат» уюшмаси мутахассислари томонидан кичик мой ишлаб чиқариш модул цехи яратилганлиги тўғрисида аввал ҳам хабар берган эдик. Ушбу технологик тизим контейнерга жойлаштирилган бўлиб, хом-ашёни тозалаш, майдалаш, совуқ усулда пресслаш, фильтрлаш ва зарурий даражада рафинациялаш ҳамда қадоқлаш ускуналари билан жиҳозланган.
Мой ишлаб чиқаришда талаб этиладиган барча технологик циклга эга бўлган модул цех ёрдамида барча турдаги мойли хом ашёлар, шу жумладан, зиғир, кунжут, махсар, кунгабоқар, соя донлари ҳамда мевалар данаклари, узум, полиз маҳсулотлари уруғларини қайта ишлаш ва сифати юқори озуқавий мой олиш имконияти мавжуд. Шу боис ўсимлик мойи ишлаб чиқаришга ихтисослашган модул цехни харид қилишга нафақат мамлакатимиздаги ишбилармонлар, балки хорижлик сармоядорлар ҳам қизиқиш билдирди. Натижада Афғонистон Ислом Республикасининг “Balkh vegetable oil corporation”, “Balkh vegetable oil corporation”, “Spinzar Kunduz corporation” каби компаниялари билан шартномалар имзоланиб, Ўзбекистон ёғ-мой саноати тарихида илк бор ўсимлик мойи ишлаб чиқаришга ихтисослашган, тўлиқ циклдаги ускуналар билан жиҳозланган 4 та технологик тизим экспорт қилинганди. Тузилган шартномаларга асосан яна бир ой ичида ана шундай 5 та модул цех Афғонистон компанияларига етказиб берилади.
- Уюшмангиз мутахассислари яратган 4 та модул цех бизнинг “Balkh vegetable oil corporation” компаниямиз томонидан яқинда сотиб олинганди, - дейди Афғонистон Ислом Республикаси давлат ишлаб чиқариш корхоналари департаменти бош директори Шафиқуллоҳ Шахрани. – Ушбу технологик тизим биз кутган натижани берди, нархи ҳам ҳамёнбоп. Бу эса, ўз навбатида, бошқа компанияларимизда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, Қундуз шаҳрида жойлашган “Spinzar Kunduz corporation” компанияси директори Забиҳулло Захиди 5 та модул цехни харид қилиш бўйича умумий қиймати 120 минг долларни ташкил этадиган шартномага имзо чекди. Келгусида ҳам Афғонистон ва Ўзбекистон ёғ-мой саноати ўртасида ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз, негаки бу ҳамкорлик икки томон учун ҳам манфаатлидир.
Яқинда Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида ўсимлик мойи ишлаб чиқарадиган модулли корхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, қайта ишлаш ускуналари Афғонистонга уюшма таркибидаги “Al-Taminot” корхонаси томонидан етказиб берилди.
Тадбирда Афғонистон молия вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ходи Аргандевол, Балх вилояти ҳокимлиги ва афғон ишбилармон доиралари вакиллари, шунингдек, маҳаллий журналистлар иштирок этди.
Абдул Ходи Аргандевол Афғонистон иқтисодиётини тиклашга кўрсатаётган кўмаги учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдириб, икки томонлама ҳамкорлик юқори даражада ривожланиб бораётганини қайд этди.
- Ана шундай қийин вазиятда бўлсада, ушбу ишлаб чиқариш тармоғининг очилиши Ўзбекистоннинг афғон халқига нисбатан дўстона муносабатини яна бир бор намойиш қилди, – деди вазир.
Ўз навбатида, Балх вилояти ҳокими Исъҳоқ Рахгузар Ўзбекистон томони билан биргаликда амалга оширилаётган турли инфратузилмавий лойиҳаларга тўхталиб, уларнинг Афғонистон иқтисодиётини тинч ва барқарор ривожлантиришдаги ўрнини юқори баҳолади.   Лойиҳалар инновация ғоялар асосида амалга оширилмоқда
Бугунги кунда уюшма таркибидаги ёғ-мой корхоналари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш ғоясини илгари суриш билан чегараланиб қолмаган. Лойиҳаларни амалга оширишдан асосий мақсад мойли хом ашёларни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш ва шунинг ҳисобига импорт ҳажмини қисқартиришга қаратилган. Жумладан, Ангрен эркин иқтисодий зонасидаги 1,5 гектар майдонда «Соя протеин компани» масъулияти чекланган жамият томонидан умумий қиймати қарийб 20 миллион АҚШ долларига тенг бўлган соя изоляти ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳаси инновацион ишланмалардан иборат. Ушбу лойиҳа 2019-2021 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, унинг умумий йиллик қуввати 10 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат.
- Соя изоляти ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича йил бошидан буён бугунги кунгача 5,36 миллион доллар миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилди, - дейди Инвестицияларни жалб қилиш ва инновацион технологияларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи Тохир Нормухамедов.
-Ускуналарни ҳарид қилиш бўйича Ҳиндистон давлатининг етакчи компанияси "Sunman Engineering Inc" билан шартнома имзоланган бўлиб, бугунги кунда ускуналарни етказиб бериш ҳамда уларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги корхонани ишга тушириш билан, аввало, таркибида 70 фоизгача оқсил сақловчи, аминокислаталар сақламига кўра, гўшт, сут, тухум каби энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари билан тенглаша оладиган оқсил моддалари мавжуд бўлган 10,0 минг тонна соя изоляти ишлаб чиқариш йўлга қуйилади. Натижада бугунги кунда импорт қилинаётган хом ашё ўрнига колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқаришда гўшт ўрнини босувчи соя изоляти, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришда оқсилли қўшимчалар ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, иккиламчи маҳсулот сифатида йилига 5,0 минг тонна соя текстурати ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилишига эришилади. Ушбу хом ашё колбаса маҳсулотлари, қандолатчилик ва новвойчиликда кенг қўлланади. Бундан ташқари, сояни ёғсизлантириш жараёнида йилига 4,0 минг тонна атрофида тўйинмаган ёғ кислоталари ҳамда миқдори 80 фоиздан ошадиган истеъмол мойи ва 200 тоннага яқин озуқавий лецитин олиниши йўлга қуйилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 9 январдаги қарори билан тасдиқланган манзилли дастурга асосан, уюшма тизимидаги корхоналар томонидан 2020 йилда 10 та лойиҳа бўйича 27,6 миллион доллар, шу жумладан, 7,0 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган.
Марказий Осиёда ягона корхона бўлади
Жорий йилда ВСT (Bukhara cotton textile) кластери томонидан Марказий Осиёда биринчи марта пахта чигити асосида чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик учун юқори оқсилли озуқа-ем маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қуйилади. Натижада, йилига 15,0 минг тоннагача госсиполсизлантирилган пахта хом ашёсидан, таркибида 70 фоизгача оқсил сақловчи протеин ажратиб олиш ва бу маҳсулотдан юқори сифатли озуқа-ем маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиш технологияси ўзлаштирилади.
Иккиламчи маҳсулот – госсипол моддасини фармацевтика саноати учун алоҳида хом ашё сифатида саноат миқёсида ажратиб олиш йўлга қуйилади. Жараёнда пахта чигитидан мой ажратишнинг юқори самарадор, энергия тежамкор технологияси ўзлаштирилади. Натижада йилига 4,0 минг тоннадан ортиқ юқори сифатли пахта мойи ишлаб чиқарилади.
Жорий йил якунига қадар мазкур лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши ва янги корхона фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png