Каттақўрғон энг обод ва кўркам ҳудудга айланади
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича берган топшириғига биноан мутасадди вазирликлар ва ташкилотлар раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича иш олиб боргани ҳақида хабар берган эдик.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бу борадаги ишларни жадаллаштириш мақсадида шаҳардаги вазият билан танишди. Тегишли ташкилотлар раҳбарлари амалга оширилаётган ишлар, лойиҳалар юзасидан маълумот берди.
Вилоят Марказий банки бошлиғи Отабек Тўхтаевнинг айтишича, 2020-2021 йилларда шаҳарда 860 миллиард сўмлик 116 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳаларнинг 59 таси саноат, 36 таси қишлоқ хўжалиги, 21 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тегишли.
Ҳоким ижтимоий объектлар, жумладан, истироҳат боғи, амфитеатр, маданият бўлими биноларини таъмирлаш ва ободончилик ишларини тезлаштириш, Каттақўрғон шаҳар маданият саройи ва Шароф Рашидов кўчасида жойлашган кўзи ожизлар жамиятига қарашли кутубхонани қурилиш-реконструкция қилиш ишларини кўздан кечирди. Мудофаа ишлари, Халқ таълими, Мактабгача таълим бўлимлари учун янги бинолар қурилишини тезлаштириш кераклигини айтди.
Каттақўрғон шаҳар фаоллари билан ўтган йиғилишда Самарқанд давлат университетининг собиқ 2-сон академик лицейи биносида Каттақўрғон педагогика филиалини, Каттақўрғон транспорт касб-ҳунар коллежи моддий-техника базаси негизида Тошкент давлат транспорт университетининг Каттақўрғон филиалини ташкил этиш таклифи қўллаб-қувватланди.
Шаҳарни 2020-2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан етакчи йўналишларни аниқлаш, бизнес лойиҳалар ишлаб чиқиш ва энг мақбул лойиҳа таклифларига тижорат банклари томонидан кредитлар ажратилиши ҳамда «Каттақўрғон ёғ-мой» АЖ ва «12-механизациялашган колонна» МЧЖ негизида кичик саноат зонасини ташкил этиш борасида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.