Тўр билан балиқ овлаш ҳам қонунга хилоф
Давлат экология қўмитаси томонидан Амударёда жорий йил 12 мартдан 31 майгача балиқларни саноат мақсадида овлашга тақиқ ўрнатилди. Шунингдек, май ойи – «Браконерликка қарши кураш ойи» деб эълон қилинди.
Шу муносабат билан Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими давлат инспекторлари томонидан олиб борилган махсус рейд тадбирлари ташкил қилинмоқда.
Рейд тадбирларида Қўшкўпир тумани «Оқдарбанд» қишлоғида яшовчи фуқаролар К.Ахмедов, А.Ғуломов, Ғ. Рўзметовлар томонидан тақиқланган усул, яъни, тўр билан 3 та сазан, 10 та леш, 3 та оқ амур ва 1 та судак каби балиқ турларини Қўшкўпир туманидан оқиб ўтувчи ички захкаш каналидан ноқонуний равишда овлаганликлари аниқланди.
Балиқларни ноқонуний равишда овланиши натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290 - сонли қарорига асосан ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб- тамоилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомининг 14 - иловасига асосан табиатга етказилган зарар миқдори 2 миллион 899 минг сўмни ташкил қилади.
Ҳозирда ушбу йўналишдаги тадбирлар кучайтирилган тартибда давом эттирилмоқда.