http://uza.uz/upload/iblock/242/yangilik_oynali_issi_khona_urilmo_da.jpg

ЯНГИЛИК: Ойнали иссиқхона қурилмоқда

Одатда, мамлакатимизда иссиқхоналар плёнка асосида бунёд этилади. Бироқ Тошкент вилоятида иссиқхона қуришнинг мутлақ янгича услубига қўл урилди: бу – ойнали иссиқхона қуриш. У мамлакатимиздаги биринчи ойнали иссиқхона бўлади.
Айни кунда вилоятнинг Бўка туманида умумий майдони 5 гектарда Голландия усулида мева-сабзавотлар етиштиришга ихтисослашган ойнали иссиқхона барпо этилаётир. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,6 миллион АҚШ долларидан иборат бўлиб, бу ерда гидропоника технологияси асосида маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ушбу усул замонавий ҳисобланиб, етиштириладиган маҳсулотлар экологик жиҳатдан тоза ҳисобланади.
Мазкур иссиқхонанинг аҳамиятли жиҳати шундаки, олдингиларидан энергияни тежаш, чиқиндисиз фаолият юритиш, 100 фоиз Европа стандартига мос экологик тоза маҳсулот етиштиришга мўлжалланганлиги билан фарқ қилади. Ушбу технология нафақат экологик, балки ҳосилдорлиги юқорилиги билан ҳам машҳур.Иссиқхонанинг экин майдони 3 гектар бўлиб, қолган қисмида компьютерлашган бошқарув хоналари, резерв генераторлар жойлашади. Барча ускуналар Голландия ва Германиядан келтирилмоқда.
Бундай иссиқхона вилоятда ягона ҳисобланади. Уни барпо этишда Голландия давлатининг технолог ва агрономлари иштирок этишяпти. Лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати жами 1500 тонна. Бу ерда 40 нафардан зиёд киши доимий иш билан ҳам таъминланади. Эътиборли жиҳати, қурилиш ишлари жорий йилнинг март ойида бошланган эди. Объектни август ойида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Маҳсулотларни АҚШ, Германия ва Полша давлатларига экспорт қилиш кўзда тутиляпти.

http://uza.uz/upload/medialibrary/689/photo_2020_05_29_16_34_15.jpg

Табиий савол туғилади: ойнали иссиқхонанинг плёнкалигидан фарқи нимада? Аввало, ойнали иссиқхонанинг шишаси тобланган бўлиб, унинг ёруғлик ўтказувчанлиги 89-91 фоиздан иборат. Плёнка остидаги иссиқхонанинг ёруғлик ўтказиши биринчи йили 85, кейинги йиллари эса 65-70 фоизга тушиб кетади. Голландия мутахассисларининг фикрича, 1 фоиз ёруғлик 1 фоиз ҳосил дегани. Демак, плёнка остидаги иссиқхонада ёруғлик камайиб бориши боис, 20-25 фоиз кам ҳосил олинади. Тобланган ойналида эса агар у ҳар йили тозалаб турилса, 30 йил бир хил ҳосил олиш мумкин.
Шу билан бирга, ойнали иссиқхонада намлик кам ёки уни осон бошқариш мумкин. Намликни йўқотишга эса ёқилғи кам сарфланади. Намлик кўпайиб кетиши натижасида кўчатларда касалликларга чалиниш мойиллиги ортади. Кўчатлар касалликларга чалинганда, уларга қарши кимёвий дорилар ишлатилиши керак. Ойнали иссиқхонада эса бунга кетадиган харажат камроқ.
Голландиянинг “Delflandasia BV” компанияси нафақат ойнали иссиқхона етказиш ва ўрнатиш, балки хорижнинг “Bilancia BV” компанияси билан голландиялик агрономлар иштирокида йилига 1 гектардан 400-500 тоннагача помидор ёки бодринг ҳосил олишга ёрдам беради. Энг асосийси, умуман химикат ишлатмасдан зараркунандаларга қарши табиий усулда курашилади. Масалан, помидорларни чанглатишда чанглатувчи арилардан фойдаланилади. Пировардида биологик тоза маҳсулот, хусусан зарарсиз сабзавот ишлаб чиқарилади. Бу албатта, бозордаги маҳсулотларга нисбатан қимматроқ, экспортда ҳам валюта тушумини оширади.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png