http://uza.uz/upload/iblock/fb5/iyno_va_tazyi_bilan_bo_li_757_shikoyatning_4_4_foizi_b_yicha.jpg

Қийноқ ва тазйиқ билан боғлиқ 757 шикоятнинг 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилган

Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, қийноққа солиш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Масалан, сўнгги уч йилда қийноқнинг олдини олиш мақсадида вақтинча сақлаш, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига 3 мингдан ортиқ аудио ҳамда видео ёзув ускуналари ўрнатилган. Тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида адвокатлар учун 69 хона ташкил этилди.
Бу Бош прокуратурада Президентимизнинг «Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасига бағишланган брифингда қайд этилди.
Тадбирда қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига тўлиқ мувофиқ келмаётгани таъкидланди. Хусусан, БМТ Тараққиёт дастури томонидан ҳар йили эълон қилинадиган Инсон тараққиёти индексида (Human Development Index) Ўзбекистоннинг ўрни сўнгги йигирма йилда ижобий томонга ўзгармаган.
Қолаверса, қийноқ билан боғлиқ ҳолатларнинг сўнги вақтда кўпайиши кузатилаётганлиги аҳолини ўринли ташвишга солмоқда. Жумладан 2017 йилда 7 , 2018 йилда 10 , 2019 йилда эса 16 та қийноққа солиш жинояти, яъни Жиноят кодексининг
235-моддасида назарда тутилган жиноят (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) қайд қилинган.
Қийноққа доир мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга оширишнинг бугунги ҳолати талабга тўлиқ жавоб бермайди.
Сўнгги уч йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилинганлиги юзасидан 757 та ариза ва хабарлар келиб тушган бўлса, уларнинг 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш тизимини йўлга қўйиш жиддий заруратга айланган. Чунки жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб туриш жараёнида белгиланган муддатдан ортиқча вақт давомида ушлаб туриш, ушлаб туриш бошланган вақтни кечиктириб кўрсатиш, ғайриқонуний равишда ушлаб туриш каби ҳолатлар кузатилмоқда.
Қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш ҳамда уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш ишларини такомиллаштиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда.
Тайёрланаётган қарорда шу каби камчиликларга барҳам беришга қаратилган чоралар назарда тутилмоқда.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png