http://uza.uz/upload/iblock/897/soli_khodimi_no_onuniy_tekshirish_tkazgani_uchun_zharima_t_l.jpg

Солиқ ходими ноқонуний текшириш ўтказгани учун жарима тўлади

Инвестициявий жозибадорлик. Иқтисодиёт равнақи сифатида эътироф этилаётган ушбу ибора кейинги вақтларда тез-тез янграмоқда. 
Таъкидлаш лозимки, ушбу икки сўздан иборат жумлани иқтисодиётга тадбиқ этиш учун бир қанча қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лекин, айрим назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларига бўладиган муносабатларда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари паймол қилинмоқда.
Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилоятида фаолият кўрсатувчи етакчи инспектори Муҳаммадали Исмоиловнинг тақдим этган маълумотига кўра, Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Д.Т томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилган текширишларда белгиланган талабларга риоя қилинмаган.
Жумладан, Д.Т томонидан 2019 йил 21 ноябрда Қарши шаҳрида фаолият юритувчи “Argument effekt qurilish” МЧЖнинг фаолиятида ўтказилган ўрганиш текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 5-бандига асосан текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар ноқонуний ҳисобланади. 
Юқоридаги ҳолат юзасидан масъул ходим Д.Т га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштириб, судга жўнатилди.
Қарши шаҳар маъмурий судининг қарори билан ҳуқуқбузарга жарима жазоси тайинланди.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png