ФОЙДАЛИ ТАКЛИФ: ўттиз кунлик меҳнат даромад ва бир йиллик иш стаж
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Ёриқ» номли маҳаллада истиқомат қилувчи Искандар ака ва Мавжуда опа Утегеновлар пенсияга чиқишга оз қолган бўлишига қарамасдан, етарли меҳнат стажига эга эмас эди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман бўлими томонидан уларга яна меҳнат фаолиятини давом эттириш бўйича маслаҳат берилди.
Бу жорий йил баҳорининг илк кунлари бўлиб, ипак қурти боқишга тайёргарлик кўрилаётган пайт эди. Бахтли тасодифми, айни ўша пайтда туман ҳокимлиги ипак қурти парвариш қилган фуқарога иш ҳақи ва бир йиллик меҳнат стажи ҳам берилади, деган таклиф билан чиқди. Бу таклиф эса Искандар ака ва Мавжуда опа учун қулай имконият бўлди.
Шу тариқа, Утегеновлар оила аъзолари билан ўзаро келишиб, 6 қути ипак қурти олишга қарор қилди. Натижа ёмон бўлмади: давлатга 440 килограмм «кумуш тола» топширди. Ҳар бир килограмм пиллага 20400 сўмдан пул бериладиган бўлди. «Агропилла» масъулияти чекланган жамияти туман филиали эса яхши натижага эришгани учун оилага гилам ҳам совға қилди. Энг асосийси, уларга 1 ойлик меҳнат 1 йиллик меҳнат стажи ва қўшимча даромад келтирди.
Қуйи Чирчиқ туманининг «Галаботир» маҳалласи Кўкариқ кўчасида истиқомат қилувчи Беҳзод Ўринбоев эса ишсиз юрган тенгдошлари билан маслаҳатлашиб, ипак қурти боқишга қарор қилишди. 15 нафар ёшлар билан биргаликда 10 қути ипак қурти олишди.
– Пилла боқиб кам бўлмадик, – деди Беҳзод Ўринбоев. – Ҳар бир қути учун 250 минг сўмдан аванс пули берди. Ҳосил пишиб етилгач, қутисига яна 750 минг сўмдан тўланди. Энди «кумуш тола»нинг килограммига 20400 сўмдан беришмоқчи. Шунда ҳар биримиз мавсумда 2,5 миллион сўмдан пул оламиз. Энг муҳими, ҳар биримизга бир йиллик иш стажи ҳам ёзилади.