Тўра Боболов тадбиркорлар қабулини қайта йўлга қўйди
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Шеробод тумани ва Термиз шаҳри тадбиркорлари учун ўтказган сайёр қабулида тадбиркорлик субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этиб, уларга мутасаддилар томонидан тезкор амалий ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланди.
Учрашувларда Президентимизнинг пандемия шароитида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган фармон ва қарорларининг мазмун-моҳияти, уларга яратилаётган имтиёз ва преференциялар ҳақида атрофлича фикр юритилиб, мутасадди раҳбарларга бу вазифаларни амалга ошириш чораларини кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Сайёр қабулларда ўз бизнесини йўлга қўйиш учун ер майдони ажратиш, тижорат банкидан кредит маблағи олиб, фаолиятини ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, бузилган иморатларга нисбатан компенсация тўловларини ундириш, божхона, солиқ тўловлари ва бошқа қатор масалалар юзасидан 80 га яқин мурожаат тингланиб, тегишли раҳбарлар иштирокида муҳокама этилди. Тадбиркорларнинг маҳаллий ҳокимликлар, алоқадор ташкилот ва тижорат банклари фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган муаммолар жойида ҳал этилди. Муддат талаб этиладиган масалалар ечими бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланиб, уларнинг ҳал этилиши қатъий назоратга олинди.