ТАШАББУС ҚАНОТ ЁЗДИ: Муқимий маърифати изидан...
20 май. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи. Адиблар хиёбони.
Президент ташаббуси: Адиблар хиёбонини адабиёт, маърифат ва маданият масканига айлантириш, ҳар бир адиб ҳайкалини муайян олий ўқув юртига бириктириб, бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказиш.
Бу эзгу ташаббус қанот ёзиб, Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси ва талаба-ёшлари Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бўлган лойиҳалар бўйича ўз таклифларини тайёрламоқда.
ЎзА мухбирининг бу борадаги саволига жавобан Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Бу бўйича жамоамиз билан биргаликда чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқдик, – дейди университет ректори Қўнғиротбой Шарипов. – Бобомиз адабий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича “Йўл харитаси”ни тайёрладик. Унда юртимиз ва чет элдаги Муқимийшунос олимлар, университет тадқиқотчиларини жалб қилган ҳолда аллома ижоди, иқтисодий қарашларига оид илмий тадқиқотлар қилиш, асарларини хорижий тилларга ўгириш, қадамжоларга илмий сафарлар режалаштириляпти. “Муқимий маърифати ва замон”, “Муқимий ҳаёти ва ижоди – ёшлар тарбияси учун намуна” мавзуларида республика анжуманларини ўтказиш режалаштирилган. Беш ташаббус доирасида Муқимий ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар композициясини яратамиз. Муқимий номидаги талабалар стипендиясини жорий қиламиз.
Талабаларимиз Муқимий клубини ташкил этиш ва университет талабалари театр студиясини аллома номи билан аташни таклиф этмоқда. Шу кунларда университет ва Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ўртасида меморандум тузилади. Унда талабаларнинг дарсдан бўш вақтини мақсадли ва самарали ташкил этиш мақсадида келгуси ўқув йилидан “Саҳна маданияти”, “Нотиқлик санъати”, “Рақс саънати”, “Қўшиқ айтиш санъати”, “Актёрлик маҳорати” каби тўгараклар йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда Муқимий сиймоси ва товушида (манбаларда келтирилган тахминий товуш) шеър, ғазаллари 3D форматда яратилади.
Б.Мелиқулова ёзиб олди, ЎзА