Ҳошим Арслонов вафот этди
Бугун, 29 май куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси, таниқли актёр Ҳошим Арслонов 64 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси маълум қилди.
"Ўзбекистон Киноарбоблари ижодий уюшмаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади", дея қўшимча қилинади хабарда.
Маълумот ўрнида, Ҳошим Арслонов 1956 йил 1 Август куни Чуст шаҳрида туғилган. 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тугатган. 1977 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон Давлат драма театрида фаолият юритган.
Фаолияти давомида турли спектакллар, фильм ва сериалларда турли ролларни ижро этган. «Уйғониш», «Марғиёна», «Отамдан қолган далалар», «Алпомиш», «Хўжа Насриддин: ўйин бошланди», «Апрель-Май», «Чавандоз», «Сўзсиз севги», «Динозавр қолдирган из», «Ёрим-беозорим», «Ҳақиқат куни», «Қасос», «Менинг акам бўйдоқ», «Сўнгги қўнғироқ», «Сингилгинам», «Хиёнат», «Энди дадам бўйдоқ», «Ижарачилар» кабилар шулар жумласидандир.