http://uza.uz/upload/iblock/c84/suvning_am_isobi_bor.jpg

Сувнинг ҳам ҳисоби бор

Мамлакатимизда 3 миллион 200 минг гектар суғориладиган экин ер майдонларидан фойдаланиб, аҳолининг эҳтиёжи учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур хом ашё етиштирилмоқда. 
Албатта, бу қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги ўз-ўзидан сувга боғлиқ эканлигини англатади. Республикамиз эса сув заҳиралари катта бўлган ҳудудлар сирасига кирмайди. Бизда сувнинг ҳар бир томчиси қадрли. 
Шу боис мавжуд сув захираларидан оқилона фойдаланиш, унинг барча ҳудудларга бирдек етиб боришини таъминлашга эътибор қаратиш зарур. Аммо бу ишга бепарволик билан ёндашаётган, сувни хўжасизларча сарфлаб, ўзидан кейинги далаларга сув етиб бормаслигига сабаб бўлаётган кишилар ёки шунга имкон яратиб бераётган масъуллар ҳам йўқ эмас. 

http://uza.uz/upload/medialibrary/ed0/photo_2020_05_29_08_38_20.jpg

Ўзагроинспекциянинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, шаҳрисабзлик Э.К сув идораси масъул ходими бўла туриб, туман ҳудудида оқова сувнинг хўжасизларча сарфланишига йўл қўйган. 
Э.К 2018 йилнинг июнь ойидан Қашқадарё вилояти Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари хавза бошқармаси Шаҳрисабз тумани бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Унинг асосий вазифаларидан бири туман ирригация бўлими балансидаги сув ўтказувчи иншоотларидан олинган сув миқдорини аниқлаш ва унинг ҳисоб-китобини юритишни тўғри ташкил этишдан иборат эди. Аммо Э.К бу ишга бепарволик билан қараган ва ҳисоб-китобни белгиланган тартибда юритмаган. Натижада сувнинг ўзбошимчалик билан сарфланишига ва адолатсиз тақсимланишига йўл қўйилган.
Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қашқадарё вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жорий йилнинг 4 ойи давомида сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, сув олиш лимитлари ва режаларининг бузилиши ҳолати бўйича жорий йилнинг шу кунга қадар ўтказилган таҳлилий ўрганиш тадбирлари давомида жами 79 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Шундан 34 та ҳолатда сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги қуйи ташкилотларга ва туман ҳокимларини қишлоқ хўжалиги масаласи бўйича ўринбосарларига огоҳлантирув ва тақдимномалар берилган. 14 та ҳолатда туман СИУ (сув истеъмолчилари уюшмаси)га огоҳлантирув берилган. 14 та ҳолатда эса фуқароларга нисбатан, 17 та ҳолатда сув хўжалиги тизимидаги масъулларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 9 миллион 824 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилиб, 5 миллион 832 минг сўми ундирилган.
Бу борада турли қонунбузилишларга йўл қўйган 31 нафар шахс маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 11 та қонунбузилиш ҳолати бўйича қонуний қарор қабул қилишлик учун тегишлилигига кўра ваколатли органларга юборилган. 

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png