Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисига ўринбосар сайланди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вазирликлар, муассасалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 81-моддаси 4-бандига ҳамда «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг регламенти тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес Раисининг ўринбосари лавозимига депутатлар орасидан 31-сонли «Ўрта қалъа» сайлов округидан депутат Давлетов Отабек Илҳомовичнинг номзоди тавсия этилди.
О.Давлетов 1972 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида таваллуд топган. 1995 йилда К.А.Тимирязев номидаги Москва Қишлоқ хўжалиги академиясини, 2004 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият академияси тугатган. Бугунги кунга қадар «Қорақалпоқагрокимёҳимоя» акциядорлик жамияти директори бўлиб ишлаб келган.
Сессияда «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси тўғрисида»ги Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ Отабек Давлетов яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари этиб сайланди. Бу бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Шунингдек, депутатлар коронавирус пандемияси даврида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда Президентимиз томонидан пандемиянинг аҳоли турмуш тарзига ва иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида карантин талабларига риоя қилган ҳолда корхоналарни босқичма-босқич ишга қўшиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, тадбиркорларга имтиёз ва преференцияларни бериш орқали уларга қулай шароит яратиш сингари кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, сўнгги икки ой мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар, видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилган вазифалар ҳар бир раҳбардан фидоийликни талаб қилмоқда. Лекин бугунги кунда айрим туманларда тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратишда бир қатор камчиликларга йўл қўйилмоқда. Шу билан бир қаторда, бюджет тушумларининг бажарилмаётганлиги қайд этилди.
Коронавирус пандемияси шароитида хотиржамликка берилмаслик, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш раҳбар ва депутатларнинг энг асосий вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланди ва тегишли соҳа раҳбарларига аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов иштирок этди.