https://uza.uz/upload/iblock/dd0/ma_kuma_ayellar_farzandlari_bilan_uchrashuvlarining_alo_ida_.jpg

Маҳкума аёллар фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланмоқда

Ҳомиладор ва болали маҳкума аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар киритиляпти.
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Қарши шаҳрида бўлиб ўтган бугунги мажлисида биз, сенаторлар халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутатлари билан биргаликда муҳим бир ҳужжат – маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга доир қонунни ҳам муҳокама қилдик. «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ушбу қонун Қонунчилик Палатаси томонидан 2020 йил 23 апрелда қабул қилинган.
Қонуннинг аҳамияти, унинг янгилиги нимада?
Аввало, шуни айтиш жоизки, бугун мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезони – адолатлилик, инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг устунлигини таъминлаш. Бу жараёнда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, эркинлигини таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги зарур. Чунки асосий мақсад жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувига эришишдир. Айни шу жиҳат амалдаги ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришни тақозо қилмоқда.
Қонун ана шу талабдан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган. Унга кўра, Жиноят-ижроия кодекси тинтув жараёнида жисмоний куч ва махсус воситаларнинг асоссиз равишда қўлланилишини тақиқлашга оид норма билан тўлдирилмоқда. Бундан ташқари, вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашишга бўлган ҳуқуқига нисбатан чекловлар бекор қилиняпти, учрашувлар ва телефон сўзлашувлари сони ошириляпти.
Шунингдек, маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланмоқда. Ҳомиладор маҳкума аёллар ва боласи бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар киритиляпти. Яъни маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта, беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, манзилли калонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда бериш кўзда тутилмоқда.
Қонун билан Жиноят-ижроя кодексининг 76-моддаси тўлдирилиб, маҳкумларнинг илтимосига биноан, учрашувлари ва телефон орқали сўзлашувларини кўпайтириш ҳамда видео-учрашувлар билан алмаштириш тизими жорий этилиши назарда тутилган.
Буларнинг бари жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш, унинг нормал ҳаётга тезроқ қайтиши ва жамиятга ижтимоий мослашувида муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Муртазо РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Сенати аъзоси.

https://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
https://uza.uz/include/img/mistake-oz.png