Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ХТБ мудирларини огоҳлантирди
Кейинги кунларда бир қатор сайтлар ва ижтимоий тармоқларда Нарпай туманида ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида гап-сўзлар кўпайгани ортидан Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов бошқарма телеграм канали ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирлари, мактаблар директорларига мурожаат қилди.
- Юртимизда карантин даври давом этаётган айни пайтда, умуман, фаолиятимиз давомида ҳар бир қилаётган ишимизни етти ўлчаб, бир кесган ҳолда, қонун талаблари асосида бажаришимиз, тасарруфимиздаги муассасалар раҳбар ва ходимларнинг манфаатини ҳурмат қилишимиз, шаъни, қадр-қимматини оёқости қилмаслигимиз шарт, - деб ёзади С.Усмонов. – Афсуски, кечагина бир иш қилмасдан, жойида депсиниб ўтирган баъзи мудир ёки директорларнинг айни карантин даврида «ғайрати жўшиб қолган». Энг ёмони, санитар-гигиеник қоидаларга қатъий амал қилиш сўралаётган бугунги кунда ўқитувчиларнинг мактабга жалб қилиниши, мажбурий меҳнат ҳолатлари учрамоқда. Ушбу ҳолатлардан ташқари, ҳар бирингиз умумтаълим муассасаларида мажбурий пул йиғимларини амалга оширмаслик бўйича қатъий огоҳлантирилганингизга қарамасдан, айрим мактаблар томонидан бундай ишга қўл урилаётганлиги тўғрисида аниқ маълумотлар келиб турибди.
Ҳурматли мудирлар!
Яна бир бор такрорлайман ва огоҳлантираман: ўқувчи ва ўқитувчиларнинг мактабларга карантин пайтида келмаслигини, мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслигини, турли баҳона билан пул йиғилмаслигини қатъий назоратга олинг ва бу борада бир муддат ҳам Сизни мудроқ босмасин!
Бу қатъий огоҳлантиришни эътиборсиз қолдириб, хотиржамликка берилсангиз, тасарруфингиздаги мактабларда бу борада камчиликлар юзага келса, аввало, Сиз ва ўша мактабнинг директори ҳам қилмиши учун жавоб беради, дейилади мурожаатда.