Қийноқларга барҳам бериш бўйича барча чоралар кўрилади
Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилиши билан бирга “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмлар тўғрисида”ги қонун ҳам ишлаб чиқилади.
Бош прокуратурада Президентимизнинг “Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси бўйича брифинг бўлиб ўтди.
Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари, Бош прокуратура ҳузурида фаолият олиб бораётган Жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро эксперт гуруҳининг етакчи мутахассислари ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳам иштирок этди.
Тадбирда қийноқларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, қарор лойиҳасида кўзда тутилаётган масалалар ҳақида маълумот берилди.
Бош прокурор ўринбосари С.Ортиқова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) У.Муҳаммадиев Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, қийноққа солиш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлади.
Масалан, сўнгги уч йилда қийноқнинг олдини олиш мақсадида вақтинча сақлаш, тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига 3 мингдан ортиқ аудио ҳамда видео ёзув ускуналари ўрнатилган. Тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларида адвокатлар учун 69 хона ташкил этилди.
Бироқ, қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизим халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига тўлиқ мувофиқ келмаяпти. Хусусан, БМТ Тараққиёт дастури томонидан ҳар йили эълон қилинадиган Инсон тараққиёти индексида (Human Development Index) Ўзбекистоннинг ўрни сўнгги йигирма йилда ижобий томонга ўзгармаган.
Қолаверса, қийноқ билан боғлиқ ҳолатларнинг сўнгги вақтда кўпайиши кузатилаётганлиги аҳолини ўринли ташвишга солмоқда. Жумладан, 2017 йилда 7, 2018 йилда 10, 2019 йилда эса 16 та қийноққа солиш жинояти, яъни Жиноят кодексининг 235-моддасида назарда тутилган жиноят (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) қайд қилинган.
Қийноққа доир мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга оширишнинг бугунги ҳолати талабга тўлиқ жавоб бермайди.
Сўнгги уч йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қийнаш, қўрқитиш ва бошқа тазйиқлар қилинганлиги юзасидан 757 та ариза ва хабарлар келиб тушган бўлса, уларнинг 4,4 фоизи бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш тизимини йўлга қўйиш жиддий заруратга айланган. Чунки жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб туриш жараёнида белгиланган муддатдан ортиқча вақт давомида ушлаб туриш, ушлаб туриш бошланган вақтни кечиктириб кўрсатиш, ғайриқонуний равишда ушлаб туриш каби ҳолатлар кузатилмоқда.
Қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш ҳамда уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш ишларини такомиллаштиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда.
Қарор лойиҳаси шу каби камчиликларга барҳам беришга қаратилган.
2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Қийноқнинг олдини олиш қўмитасини ташкил этиш назарда тутилган.
Ушбу қўмита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи алоҳида орган, яъни инсоннинг қийноқдан ҳимоя қилишга доир конституциявий ҳуқуқини таъминлаш бўйича республика давлат бошқаруви органи сифатида ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши, ўз фаолиятида Республика Президенти ва Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдор бўлиши белгиланган.
Лойиҳада қўмитанинг асосий вазифалари сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг қийноққа доир мурожаатларини кўриб чиқиш; қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириш; жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш; қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш; қийноқ ҳолатлари содир этилишига шароит яратган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласи ҳал этилишини таъминлаш назарда тутилган.
Шунингдек, лойиҳада ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сутканинг исталган вақтида телефон орқали, шу жумладан, видеоконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда мурожаат қилиши мумкин бўлган Қийноқнинг олдини олиш қўмитасининг “call-маркази”ни ташкил этиш белгиланган.
Бундан ташқари, лойиҳада қўмита қийноқнинг олдини олиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул давлат органи сифатида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Президент ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар ҳам аниқ белгиланмоқда.
Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари ҳамда илғор хорижий амалиётга асосланган ҳолда “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Ҳозирги вақтда қарор лойиҳаси мутасадди вазирлик ва идоралар билан ўрнатилган тартибда келишувдан ўтказилмоқда. Яқин кунларда лойиҳа умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш учун электрон тизимга жойлаштирилади.