Ўзбекистон ёшлари халқаро ядро клубига қўшилишни режалаштиришмоқда
Ўзбекистон ядрочилари 2022 йилда Россияда бўлиб ўтадиган навбатдаги Халқаро ёшлар ядро конгрессини кутишмоқда.
Халқаро ёшлар ядро конгресси (IYNC) –ядро соҳасидаги муҳим воқеа бўлиб, унда иштирок этиш учун дунёнинг ўнлаб мамлакатларидаги ёш мутахассислар тайёрланишади. Конгресс 2000 йилдан буён атом тармоғи ва ядро технологияларини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликда иштирок этиш истагида бўлган истеъдодли ёш олимлар, мутахассислар ва тажрибали профессионалларни бирлаштириб келмоқда.
Москва муҳандислик-физика институти Миллий тадқиқот ядро институтининг Тошкент шаҳридаги ижрочи директори Алишер Санетуллаев Ўзбекистон ёшларининг халқаро ядро ҳамжамиятига қўшилиш имкониятларини шарҳлаб берди:
– Мамлакатмизда атом тармоғида мутахассисларни тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида Москва муҳандислик-физика институти Миллий тадқиқот ядро институтининг филиали фаолият юрита бошлади. Айни пайтда бу ерда атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасидаги тўртта йўналиш бўйича 100 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент давлат техника университетида ҳар йили ядро физикаси, элементар зарралар физикаси, атом энергетикаси ва иссиқлик физикаси соҳасида муҳандис-физик кадрлар тайёрланмоқда.
Демак, Ўзбекистон дунёнинг ядро клубига қўшилишга тайёр ва Ўзбекистон «ядрочи ёшлар» вакиллари 2022 йилда бўлиб ўтадиган ядро конгрессининг очилишини сабрсизлик билан кутишмоқда. Ушбу конгресс юксак малакали мутахассис бўлишга бўлган интилишларга жавоб берадиган, бўлғуси ҳамкасблар билан тажриба алмашиш, ҳам мамлакатимиз, ҳам бутун дунёда ядро технологиялари ривожига ўз ҳиссасини қўшиш имконини берадиган ажойиб майдончадир. Бу борада бизнинг салоҳиятимиз ва имкониятларимиз бор, керакли шарт-шароитлар яратилмоқда. Бундай юксак халқаро даражадаги мазкур конгресс бизнинг талабаларимиз эътиборидан четда қолмайди, деб ўйлайман.
Халқаро ёшлар ядро конгресси ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади. Жорий йилда мазкур тадбир март ойининг бошида Сидней (Австралия)да бўлиб ўтди. Инсонлар, атом тармоғида тақдим этилган технологиялар ва таълим йўналишлари хилма-хиллиги конгресснинг бош мавзуси бўлди. IYNC 2020 якуни бўйича кейинги конгресс ўтказиладиган жой белгиланди. Бунга эришиш учун Россия, Франция, Кения ва Украина делегациялари кураш олиб бордилар ва охир оқибатда, Россия делегацияси ғолиб деб топилди. Россия талабномасини Росатом ёшлар ҳаракати фаоллари тайёрлаб, тақдим этишди.