Монополияга қарши комплаенс: қонунлар талабига риоя қилиш ва унинг бузилиши билан боғлиқ хавф-хатарнинг олдини олиш ...
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда бугунги кунда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолгани, бир қатор йўналишларда эса рақобат муҳити шаклланиб, 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестрдан чиқариш мумкинлиги қайд этилди.
Корхоналарнинг бозордаги монопол мавқеини аниқлаш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиб, бу борада алоҳида «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Мазкур «Йўл харитасида» иккита асосий яъни, монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартириш ҳамдадавлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш вазифаси белгиланиши алоҳида таъкидланди.
Монополиянинг энг кўп учрайдиган тури, бу - табиий монополиядир. Одатда табиий монополиянинг мавжудлиги «рақобат етишмаслиги», яъни, бир неча рақобатдош фирмаларнинг мавжудлиги битта фирманинг мавжудлигидан кўра кам фойда келтирадиган вазиятлар билан изоҳланади. Маълумки, дунё мамлакатларида табиий монополия таркиби турлича бўлса ҳам, кейинги йилларда кўпчилик давлатларда табиий монополиялар доирасининг қисқариб бориш йўналишида ўхшашликлар кузатилмоқда. Ўзбекистонда табиий монополия соҳалари халқаро амалиётга нисбатан бирмунча кенгроқ бўлиб, уларнинг шаклланиши ўтиш даврида иқтисодиётни қайта қуриш ва бошқариш бўйича юзага келган тузилмалар билан боғлиқ. Масалан, узоқ вақт давомида совет мафкураси таъсирида бўлган собиқ Совет иттифоқи мамлакатлари каби Ўзбекистонда ҳам энергия, иссиқлик ва газ билан таъминлаш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланиб, иқтисодиётнинг энергетика тармоғини ташкил этишда давлат устун мавқега эга бўлган.
Бугунга келиб, халқаро тажрибани ўрганиб, рақобатни олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш энг устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада табиий монополия ва рақобат тўғрисидаги қонунларни янгилаш ҳамда иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш стратегиясини ишлаб чиқиш талаб этилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “содда қилиб айтсак, жаҳон ишлаб чиқариш занжирларига, дунё бозори талабларига ва иқтисодий интеграция жараёнларига ҳамоҳанг бўлишимиз лозим. Инвестиция жалб қилишнинг самарали воситаларидан бири бўлган давлат-хусусий шериклик механизмларини транспорт, энергетика, йўл, коммунал, тиббиёт, таълим каби соҳаларга кенг татбиқ этиш керак.” Шу маънода мамлакатимизда халқаро тажрибанинг энг яхши жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда давом этаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан Осиё Тараққиёт банки ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда рақобатдош электр энергияси бозори модели ишлаб чиқилаяпти ва мазкур бозор модели 2023 йилда жорий этилиши кутилмоқда. Бу мамлакатимизда том маънода янгиланаётган Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёт йўлида муҳим қадам бўлиб ҳисобланади ва Янги Ўзбекистон энергетикасини яратади. Соҳадаги олиб борилган ислоҳотларнинг, хусусан, электр саноатини ташкил этишнинг бозор модели шаклланиши давлатда истеъмолчилар учун энергетика тармоғидан эркин танлов асосида фойдаланиш имкониятини шакллантиради. Ушбу кўрсаткич эса электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сотишдаги рақобат даражасини акс эттиради.
Фикримизча, энергетика соҳасида бозор муносабатлари амалга оширилишининг дастлабки кафолати, аввало, энергетика соҳасида табиий монополияни қисқартириш ҳамда энергия ишлаб чиқаришда рақобат муҳитини шакллантиришдан иборат. Зеро, энергияни ишлаб чиқариш жараёнига янги технологияларни татбиқ этиш йирик инвестицияларни жалб қилишни талаб этади, бу эса рақобат муҳитининг мавжудлиги билан чамбарчас боғлиқ, рақобатни таъминламай туриб бозор муносабатларига ўтиш иложсиздир.
Хўш, монополияга қарши комплаенс қандай механизм?
Монополияга қарши комплаенс қонунчилик бузилишнинг салбий оқибатларини юмшатгандан кўра, унинг олдини олиш осон бўлган умумий парадигмага асосланади. Яъни, компания ўзи учун корпоратив ҳаракат қоидаларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилиши устидан назорат қилади. Aгар қонунчилик бузилиши регулятор томонидан аниқланса, у ҳолда компания ушбу қонунбузарлик учун юқори санкциялар, суд харажатлари ва ишбилармонлик обрўсига путур етиши каби йўқотишларга учрайди. Aгар корхона мумкин бўлган ҳуқуқбузарликни мустақил равишда олдини олса ёки дастлабки босқичда ҳуқуқбузарликни аниқласа ва уни тўхтата олса, барча салбий оқибатлар юкини сезиларли даражада камайтиради. Aммо бунинг учун корхона хавфларни етарлича аниқлай оладиган, бизнес жараёнлари ва ҳуқуқий нормаларни таҳлил қиладиган самарали тизимни яратиш учун муайян ташкилий саъй-ҳаракатларни амалга ошириши керак.
Демак, монополияга қарши комплаенс, бу - монополияга қарши қонунлар талабига риоя қилиш ва унинг бузилиши билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларни таҳлил қилиш ва корхона фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида давлат органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг монополияга қарши қонунчилик талабларига мувофиқлигини таъминловчи ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар мажмуидир.
Монополияга қарши комплаенс қуйидаги афзалликларга эга:
монополияга қарши курашиш бўйича ички назорат ўрнатилади;
монополияга қарши қонунчилик бузилиши билан боғлиқ хавф-хатарлар мунтазам равишда таҳлил қилиб борилиши орқали товар ва молия бозорларида соғлом рақобат муҳити таъминланишига имкон яратилади;
компанияларнинг монополияга қарши ҳаракатлари учун жавобгарлик даражасини оширади;
компаниялар ўртасидаги ўзаро таъсир механизмларини кучайтиради;
компанияларнинг сўровларга жавоблар самарадорлиги ва сифатини оширади;
бизнесни юритишда иш юритиш этикасига риоя қилиш даражасини ошириш орқали компанияларнинг ишбилармонлик нуфузига зарар етишини бартараф этади;
монополияга қарши текширувларни камайтиради ёки истисно этади;
Умуман олганда, монополияга қарши элементар талабларни билмаслик ёки ўз ҳаракатларининг қонунийлигини исботламаслик туфайли келиб чиқадиган қоидабузарликларнинг сони камаяди.
Шу маънода, назаримизда, Ўзбекистонда электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш фаолиятини табиий монополиядан чиқариш ва электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарда синов тартибида монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш фурсати етиб келди. Монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилаётган ташкилотда монополия тўғрисидаги қонун талаблари бузилган тақдирда, мутасадди шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш мазкур тизимнинг самарадорлигини оширади.
Раъно Ҳусаинова ,
Юридик фанлар номзоди,
Тошкент давлат юридик университети докторанти