Фарзанди учун бир йўла 142 миллион сўм пул тўлади
Инсоният жиддий синовларга дуч келган пандемия даврида вояга етмаган фарзандлари ҳақида қайғуриш алиментчи оталар учун катта масъулият юклаётир. Зеро, болага тарбиядан ташқари моддий таъминот ҳам муҳим ўрин тутади. Оғир кунларда бу ҳолатни чуқур ҳис этаётган оталар фарзандининг ана шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиб, фарзандининг вояга етгунга қадар бўлган алимент пулларини олдиндан тўлаб бермоқда.
Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи Х. Ёрова тегишли суд қарорига асосан 2019 йил 18 июлдан бир фарзандининг моддий таъминоти учун алимент пули олаётган эди. Собиқ турмуш ўртоғи ҳозирги оғир шароитда гулдеккина фарзандининг бекаму-кўст улғайишига кўмаклашиш учун унинг моддий таъминотини олдиндан тўлаб беришга аҳд қилди. Шу мақсадда Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочисига учрашиб, вояга етгунга қадар бўлган алимент пулини ҳисоблаб беришни сўради. Шундан сўнг 142 миллион сўм алимент пулини собиқ турмуш ўртоғи Х.Ёровага тилхат асосида топширди.
–Карантин даврида кўз олдидан йироқдаги фарзандлари тақдирини ўйлаб, уларнинг вояга етгунга қадар бўлган алимент маблағини бир йўла тўлаб бераётган алиментчи оталар сафи кенгайиб бормоқда,– дейди Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори Қ. Турсунов. – Фарзанди билан бир оилада яшамасада, эл бошига иш тушган бир пайтда алиментчи отанинг ғамхўрлик кўрсатаётгани халқимизга хос улуғ хислатдир. Бу бизнинг иш юритувимизда бўлган алимент ўндируви билан боғлиқ ижро ҳужжатларини муддатидан олдин тугатишимизга асос бўлмоқда. Энг муҳими ўксик қалб билан камолга етаётган болаларнинг камолга етгунча оталик меҳрини ҳис этишига ёрдам бермоқда.
Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг қарорига асосан М. Соатовага бир фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. МИБ Шўрчи тумани бўлими иш юритувида бўлган ушбу ҳолат ҳам муддатидан олдин тугатилди. Унинг собиқ турмуш ўртоғи фарзандининг 18 ёшгача бўлган 68 миллион сўм алимент пулларини бир йўла тўлаб берди.