БУГУННИНГ ГАПИ: Ғаллаоролдаги банкоматлар муаммосига ечим борми?
Ғаллаороллик фуқаролар ҳудуддаги банкоматлар тез-тез ишламай қолаётгани, ишлаганда ҳам баъзан нақд пул бўлмаслигидан шикоят қилмоқда.
– Туман марказидан узоқда яшаймиз, қишлоғимизда асосан нақд пул билан савдо қилинади, – дейди ғаллаороллик Дилноза Эрназарова. – Шу боис бизга нақд пул жуда зарур. Бунинг учун эса, туман марказига 6 километр йўл босиб банкоматдан пул ечтиргани боришга тўғри келади. Аммо баъзида банкомат ишламай қолган ёки пул йўқ бўлади. Турнақатор навбатда турган одамлар асаби бузилади. Эрталабдан кечгача навбат пойлаймиз? Ахир карантин шароитида одамлар тўпланиб туриши яхши эмас. Нега банкоматлар доимий ишламайди?
Бу вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан боғландик.
– Ҳозирги кунда Жиззах вилоятида 239 банкомат ўрнатилган бўлиб, шундан Ғаллаорол туманида 11 банкомат мавжуд (3 UZCARD, 8 HUMO тўлов тизими банкоматлари). Туну кун фаолият юритувчи шохобчалар сони эса 3 тани ташкил этади. Шунингдек, банкоматлар тармоғи республика бўйлаб босқичма-босқич кенгайтириб борилмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тўлов тизимлари департаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Хушвақт АЗИЗОВ. – Агар банкоматлар ишламай қолса, шунга ўхшаш бошқа ҳолатлар кузатилса банкоматларга хизмат кўрсатувчи банклар ёки Марказий банкнинг ягона ишонч телефонига (71-200-00-44, 71-212-62-51) мурожаат қилиш мумкин.
Қайд этиш жоизки, тўлов тизимлари инфратузилмаларидаги барча банкоматларнинг узлуксиз иш фаолияти (ишчи ҳолати) ҳамда уларнинг нақд пул маблағлари билан таъминланиши банк тизимининг масъул ходимлари томонидан доимий ва қатъий назоратга олинган. Ўз навбатида, ғаллаороллик фуқаролар эътирозида баён этилган ҳолат айнан қайси банкка қарашли банкоматда рўй бергани ёки унинг дислокациясига доир аниқ маълумот бўлган тақдирда, бундай вазият оператив кўриб чиқилишини ёхуд банкомат қурилмасида кўрсатиб ўтилган телефон рақамлари орқали хабар берилиши лозимлигини маълум қиламиз.
Бундан ташқари, фуқаролар Ғаллаорол туманида фаолият юритаётган барча банк кассаларидаги мавжуд 39 терминал орқали ҳам пулни нақдлаштириб олиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли ўзига яқин бўлган исталган банк филиалига мурожаат қилиб, картадаги маблағини нақдлаштириш имконини беради.
Шу ўринда фуқароларга эслатиб ўтиш жоизки, UZCARD тўлов тизими банк карталари билан HUMO тўлов тизими банкоматларидан нақд пул ечишга уринишлар учраб тургани сабабли, банк карталари қайси тўлов тизимига тегишли бўлса, айнан шу тизим инфратузилмасидаги банкоматлардан фойдаланиш керак.
* * *
Яна бир маълумот. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборот хизмати хабар беришича, 25 май ҳолатига кўра, ҳудудларда қарийб 7 мингга яқин банкомат банк инфратузилмалари ва аҳоли гавжум объектларда ўрнатилган. Улардан HUMO тўлов тизими банкоматлари 3186, UZCARD тўлов тизими банкоматлари 3811 тани ташкил этади. Агар HUMO ва UZCARD тўлов тизимлари ўзаро келишиб, интеграция қилинса, яъни карта ва банкоматнинг қайси тўлов тизимига қарамасдан фойдаланиш имконияти яратилса, банкоматлар тармоғи ўз-ўзидан икки марта кенгаяди.