http://uza.uz/upload/iblock/61b/kamba_allikni_is_artirish_b_yicha_uvlar.jpg

Камбағалликни қисқартириш бўйича ўқувлар

Андижон давлат университетида эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтмоқда.
Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари томонидан ўтказилган хатловлар якунига кўра, Андижон вилоятида 40 минг 724 та оила ёки 158 минг 126 нафар фуқаро эҳтиёжманд сифатида рўйхатга олинган. Ҳудудлардаги сектор раҳбарларига уларни ижтимоий муҳофазасини таъминлаш чораларини кўриш вазифаси юкланган.
Вилоят ҳокимлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Андижон вилоят филиали ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда барча туман ва шаҳарлар сектор раҳбарлари (ҳоким, прокурор, ички ишлар бўлими,, давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари) иштирок этиб, пандемия шароитида олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича билим ва малакаларини оширмоқда.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда берган топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилаётган ўқув курсида барча сектор раҳбарлари иштирок этмоқда, – дейди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов. – Семинар давомида вилоятдаги 64 та сектор раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилаларни жорий йил охиригача «темир дафтар»дан чиқариш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш юзасидан назарий билим олиш билан бирга, амалий ишлар мисолида ҳам сабоқ олади.

http://uza.uz/upload/medialibrary/b0d/photo_2020_05_29_13_42_05.jpg

Семинар доирасидаги 30 соатга мўлжалланган машғулотларда Вазирлар Маҳкамаси мажмуалари раҳбарлари, вазир ўринбосарлари, вазирликлар бошқармалари бошлиқлари, Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари томонидан белгиланган муҳим вазифаларни амалда бажариш механизмлари, тартиблари хусусида аниқ мисоллар орқали батафсил тушунча ва маълумотлар берилмоқда.
«Камбағалликни қисқартиришнинг манзилли дастурини шакллантириш ва ижросини таъминлаш чоралари», «Ҳудудий инвестиция (саноат, хизмат кўрсатиш) дастурларида белгиланган лойиҳаларни амалга ошириш орқали янги барқарор иш ўринларини яратиш имкониятлари», «Қишлоқ хўжалиги соҳасида аҳолини банд қилишнинг замонавий усуллари ва уни амалга ошириш механизмлари», «Сектор штаби фаолиятини самарали ташкил этиш ва қатъий вертикал тизимнинг ишлашини таъминлаш» мавзуларидаги машғулотлар ҳар бир туман, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ўзига хос муаммоларни кейс-стади усули асосида таҳлил қилиш, ечимини топиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилалар муаммоларини ҳал қилиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш бўйича «йўл харита»лари тузиш, намунавий секторлар ҳудудида сайёр маҳорат машғулотлари ташкил этиш орқали ўтказилади.
–Мавзу доирасидаги ишларни тизимли ташкил этиш бўйича илғор, замонавий билим ва тушунчалар оляпмиз, – дейди Бўстон тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Садбархон Мамитова. – Бу борада қатъий ишлайдиган тизим жорий этиш ва натижадорликка эришиш зарурлиги, машғулотларда бунга эришиш усуллари ҳақида кенг маълумотлар олдик.
Сектор раҳбарлари иштирокида камбағалликни қисқартиришга доир долзарб вазифаларга бағишланган ўқув-семинар доирасида Андижон, Хонобод шаҳарлари, Булоқбоши, Избоскан, Шаҳрихон, Жалақудуқ туманларидаги қатор корхоналар, фермер хўжаликларида, шунингдек, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, улар асосида сайёр маҳорат машғулотлари ўтказилмоқда.

http://uza.uz/upload/medialibrary/36d/photo_2020_05_29_13_42_07.jpg
http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png