http://uza.uz/upload/iblock/31e/bir_foiz_yeru_lik_bir_foiz_osil_demak.jpg

Бир фоиз ёруғлик - бир фоиз ҳосил демак

Мамлакатимиз иссиқхоначилик тармоғида сўнгги йилларда ойнадан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хўш, ойнали иссиқхонанинг афзаллиги нимада, плёнкадан қандай фарқи бор?

Маълумотларга кўра, аввало, ойнали иссиқхона шишаси тобланган бўлиб, унинг ёруғлик ўтказувчанлиги 89-91 фоиздан иборат. Плёнка остидаги иссиқхонанинг ёруғлик ўтказиши эса биринчи йили 85, кейинги йилларда 65-70 фоизга тушиб кетади. Голландиялик мутахассисларнинг фикрича, бир фоиз ёруғлик бир фоиз ҳосил дегани. Демак, плёнка остидаги иссиқхонада ёруғлик камайиб бориши боис, 20-25 фоиз кам ҳосил олинади. Тобланган ойнали иссиқхонада эса агар у ҳар йили тозалаб турилса, 30 йил бир хил ҳосил олиш мумкин.

Шу билан бирга, ойнали иссиқхонада намлик кам, уни осон бошқариш мумкин. Намликни йўқотишга эса ёқилғи кам сарфланади. Намлик кўпайиб кетиши натижасида, кўчатларда касалликларга чалиниш мойиллиги ортади. Кўчатлар касалликларга чалинганда уларга қарши кимёвий дорилар ишлатилиши керак. Ойнали иссиқхонада эса бунга кетадиган харажат камроқ.

Голландиянинг “Delflandasia BV” компанияси нафақат ойнали иссиқхона етказиш ва ўрнатиш, балки хорижнинг “Bilancia BV” компанияси билан голландиялик агрономлар иштирокида йилига 1 гектардан 400-500 тоннагача помидор ёки бодринг ҳосил олишга ёрдам беради. Энг асосийси, кимёвий воситаларсиз зараркунандаларга қарши табиий усулда курашилади. Масалан, помидорларни чанглатишда чанглатувчи арилардан фойдаланилади. Пировардида, биологик тоза маҳсулот, хусусан зарарсиз маҳсулот етиштирилади. Бу бир томондан маҳсулотнинг бозорда харидоргирлигини таъминласа, бошқа томондан экспортга қилишда устуворлик беради.

Бўка туманида умумий майдони 5 гектарда Голландия усулида мева-сабзавотлар етиштиришга ихтисослашган ана шундай ойнали иссиқхона барпо этиляпти. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,6 миллион доллардан иборат бўлиб, бу ерда гидропоника технологияси асосида маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ушбу замонавий усулда етиштириладиган маҳсулотлар экологик жиҳатдан тоза ҳисобланади.

Мазкур иссиқхонанинг аҳамиятли жиҳати шундаки, олдингиларидан энергияни тежаш, чиқиндисиз фаолият юритиш, 100 фоиз Европа стандартига мос экологик тоза маҳсулот етиштиришга мўлжалланганлиги билан фарқ қилади. Ушбу технология нафақат экологик, балки ҳосилдорлиги юқорилиги билан ҳам машҳур.Иссиқхонанинг экин майдони 3 гектар бўлиб, қолган қисмида компьютерлашган бошқарув хоналари, резерв генераторлар жойлашади. Барча ускуналар Голландия ва Германиядан келтирилмоқда.

Бундай иссиқхона вилоятда ягона ҳисобланади. Уни барпо этишда Голландия давлатининг технолог ва агрономлари иштирок этишяпти.

Лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 минг 500 тонна. Бу ерда 40 нафардан зиёд аҳоли доимий иш билан ҳам таъминланади. Эътиборли жиҳати, қурилиш ишлари жорий йилнинг март ойида бошланган эди. Объектни август ойида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Маҳсулотларни АҚШ, Германия ва Полша давлатларига экспорт қилиш кўзда тутиляпти.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png