http://uza.uz/upload/iblock/a42/yangi_avlod_bolalar_tibbiyet_markazi_milliy_urur.jpg

Янги авлод болалар тиббиёт маркази – миллий ғурур

Эртамиз эгалари, ёруғ иқболимиз – фарзандларимиз келажаги, улар саломатлиги билан боғлиқ масала биз учун ҳамиша устувор аҳамият касб этиб келган. Азал-азалдан эзгу орзу-умидлар рўёбини фарзандлар истиқболида кўриш миллий урф-одатларимизга хос гўзал фазилатларимиздан саналади. Шонли ўтмишимиз саҳифаларидан аёнки, ота-боболаримиз ўз насли, зурриёди тақдирига жиддий эътибор қаратган.

Президентимиз томонидан мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом авлодни вояга етказиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, бу йўналишда тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида ҳам тиббиёт ҳамда фармацевтика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, соғлиқни сақлашда тиббий профилактиканинг ўрнини ошириб бориш, тиббиётнинг бирламчи-профилактика тизимини янада ривожлантириш каби вазифалар белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, пойтахтимизда Ўрта Осиёда ягона, тўртинчи авлод – Болалар миллий тиббиёт маркази барпо этилгани фарзандларимиз соғлигини сақлаш, улар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам, мисли кўрилмаган лойиҳа, улкан ташаббус бўлди. Ушбу марказ Болалар тиббиёти йўналишида ноёб жарроҳлик амалиётларини бажариш, инновацион изланишлар олиб бориш, хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда юқори технологик муолажаларни ташкил этиш борасида юксак аҳамият касб этади.

Бугун замон ўзгармоқда, ҳар бир соҳада ёндашув, талаб ўзгармоқда. Тараққиёт имкониятларимизни кенгайтирмоқда. Илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида бунёд этилган марказ лойиҳаси Корея Республикаси ва жаҳон тиббиётининг ноёб андозалари асосида ишлаб чиқилди. Энг замонавий тиббиёт ускуналари билан бойитилган ушбу марказда педиатрия, нейрохирургия, ортопедия, гемодиализ, кардиохирургия, умумий хирургия, офтальмология, онкология, ЛОР ҳамда реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари бундан роппа-роса бир йил олдин Болалар миллий тиббиёт маркази лойиҳаси билан танишиш жараёнида ушбу марказ мамлакатимиздаги барча муассасалар учун базавий бўлиши, телемедитсина орқали узоқ ҳудудларимиздаги болаларга ҳам ёрдам кўрсатилишини қайд этиб ўтган эди. Яқиндагина барпо этилган марказга ташриф буюриб, айни муассасада яратилган шароитлар билан танишиш асносида ҳам бу борада тўхталдилар. Президентимиз «... Бу ерда болаларни малакали даволаш билан бирга замонавий телемедитсина технологиялари асосида мамлакатимиз ҳудудларида ҳам юқори сифатли тиббий хизматларни такомиллаштириш керак»лигини алоҳида таъкидлади.

Олдинлари диагностика яхши бўлмагани, шифокорлар малакаси етишмагани туфайли ҳудудлардаги бемор болалар, уларнинг ота-оналари кўп қийналарди, оғир касал бўлса, соғлиги нуқсонли бўлиб қоларди. Эндиликда, мутлақо янги – Болалар миллий тиббиёт маркази бу борадаги барча оғриқли муаммоларимизнинг ечими бўла олади. Замонавий тиббиёт муассасаси кўплаб бемор болаларимизни ёруғ ҳаётга қайтаради.

Фарзанд – умримиз мазмуни, ҳаётимиз қувончи. Унинг саломатлиги – жамият тараққиёти, юрт фаровонлиги демакдир. Фарзандлари соғлом мамлакатгина юксалади, ривож топади. Зеро, улар саломатлиги йўлидаги ҳар қандай эзгу ташаббус ўзининг улкан самарасини кўрсатиши, шубҳасиз.

Ражаббой РЎЗМEТОВ, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Хоразм вилояти кенгаши раиси, Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгаши депутати.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png