http://uza.uz/upload/iblock/971/andizhonda_smart_karta_shaklidagi_kadastr_pasporti_berilmo_d.jpg

Андижонда смарт карта шаклидаги кадастр паспорти берилмоқда

Вилоят Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги кўринишдаги намунасини бериш бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилнинг 12 декабрдаги «Кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Давлат хизматлари марказлари томонидан фуқароларга кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш юзасидан янги намунадаги кадастр паспорти берилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарорига кўра, 2020 йил 1 мартдан бошлаб Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг пластик шаклда тайёрланадиган кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини (янги намунадаги кадастр паспорти) берилиши белгиланган.
– Янги намунадаги кадастр паспортининг афзаллиги шундаки, барча кадастр маълумотлари бир жойда, ягона маълумотлар базасида сақланади, – дейди Пахтаобод туман Давлат хизматлари маркази директори Бурҳониддин Усмонов. – Смарт карта ичидаги маълумотлар онлайн равишда базага уланган ҳолда кўрилади. Уй-жой билан боғлиқ барча кадастр ишлари доимий равишда электрон қайд этиб борилади ҳамда электрон кадастр тарихи вужудга келади.
Смарт карта йўқолиб қолса ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган ҳолатда карта масофадан туриб блокланади ва қисқа вақт ичида янги кадастр паспорти тақдим этилади. Геопортал билан интеграция натижасида уй-жойнинг географик майдони ва чегараси тўғрисида ўта аниқ маълумот смарт картадан жой олади. Махсус мобил илова орқали кадастр паспорти маълумотларини кўриш имкони яратилади. Бунинг учун смарт картани телефонга яқинлаштириш кифоя.
Янги намунадаги кадастр паспортида QR-код тизими мавжуд. Ушбу тизим орқали мулкдорлар ваколатли ташкилотларга мурожаат этмасдан туриб, кўчмас мулк тўғрисидаги барча маълумотларни “QR scanner” мобил иловаси орқали олиши мумкин бўлади.
Эндиликда Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида аҳолига янги намунадаги кадастр паспорти, яъни смарт карталар босқичма-босқич бериб борилади.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png