http://uza.uz/upload/iblock/602/far_ona_unarmandlarining_ma_sulotlari_khorizhda_am_mash_ur.jpg

Фарғона ҳунармандларининг маҳсулотлари хорижда ҳам машҳур

Фарғона ҳунармандчилик мактаби ҳақида сўз кетганда оддий тупроқдан яратилган кулолчилик буюмлари, нафис ва беназир ипак матолар, ёғоч ўймакорлик, кандакорлик сингари кўплаб кўҳна ва боқий ҳунарлар кўз ўнгимизда гавдаланади.
Халқ амалий санъатининг бу ноёб турлари асрлар давомида дунё ҳамжамиятини ўзига ром этиб келмоқда. Ҳунармандчиликнинг бобомерос анъаналарини тиклаш, ривожлантириш, уста-ҳунарманд, иқтидорли ёшларни қўллаб - қувватлаш, рағбатлантириш ишлари янги тараққиёт йўлини бошлади.
Ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқароларга алоҳида эътибор кўрсатилмоқда. Мазкур ишлар натижасида ҳунармандлар сафи аввалги йилларга таққослаганда 4700 тага кўпайди.
Мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари билан ҳамкорликда ҳунармандчилик маҳсулотларини тарғиб этишга муҳим эътибор бериляпти. Ўтган йилда Қўқон шаҳрида илк бор ташкил этилган халқаро ҳунармандчилик фестивали ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этяпти. Вилоятдаги деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида ҳунармандлар учун алоҳида савдо расталари ташкил этилмоқда. Ўтган йилда вилоятда бор -йўғи 400 та савдо расталари мавжуд бўлган бўлса, шу йилнинг ўзида яна 537 та янги расталари ташкил этилди.

http://uza.uz/upload/medialibrary/878/photo_2020_05_29_17_48_59.jpg

Чунки аксарият ҳолларда ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар иккинчи ёки учинчи «қўл» орқали харидорларга етиб борган. Улар ўзлари тайёрлаган маҳсулотларни сотиш, кўргазмалар ташкил этиш билан боғлиқ қулай шароитларга эга бўлмаган. Бу маҳсулотларни яшириш, уларнинг ноқонуний айланмасига ҳам сабаб бўлган. Қўлдан-қўлга ўтган ҳар қандай буюм табиий равишда қимматлашиб борган.
–Маҳсулотни яратиш ишлари, меҳнат- машаққатини ҳис қилмаган киши унинг қадр - қимматини баҳолай олмайди, – дейди Риштонлик уста кулол Тоҳиржон Ҳайдаров. – Деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларида биз учун алоҳида савдо расталари ташкил этиш, қулай шароитлар яратиб бериш борасида бошланган ташаббус ҳунармандчилик анъаналарини ривожлантириш, сотиш ва тарғиб қилишда қўл келади.
Айни кунда Марғилон шаҳридаги Хиёбон кўчасида «Ҳунармандлар бозори» қад ростламоқда. Умумий ҳажми 4 минг квадрат метр бўлган икки қаватли бозорда 200 нафар ҳунармандлар маҳсулот тайёрлаш, кўргазма ташкил этиш ва сотиш ишларини бир вақтда амалга ошириш имкониятига эга. Бу юртимизга келаётган сайёҳлар сафини янада кенгайтириш, ҳунармандчилик буюмларини намойиш қилишда қўл келади.
–Ҳозирда кўргазма заллари, галереялар, павильонлар, бозор ва ярмарка расталарида намойиш этиш ва сотиш учун жойларни кенгайтириш, ихтисослаштирилган мажмуалар учун ер участкалари ажратиш, халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритилган ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш борасида иш олиб борилмоқда, – дейди «Ҳунарманд» уюшмасининг вилоят бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов. – Шу кунга қадар нуфузли халқаро кўргазма, кўрик -танловларда ғолиб, совриндор бўлган 46 нафар ҳунармандлар халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига киритилди. Бундан ташқари, туристик маршрутдаги манзил бўйича устахона ёки ижарада ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлар галереяси, дўкон, маҳаллий ва хорижда савдо уйларида онлайн тарзида ишлаётган 34 нафар ҳунармандлар туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестрига кирди. Эндиликда улар маҳсулот тайёрлаш, дунё мамлакатларига тўғридан – тўғри сотиш, кўргазмалар ташкил этишда қатор имтиёз ва имкониятларга эга бўлишади.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png