http://uza.uz/upload/iblock/591/istemolchilardan_kelib_tushgan_11_mingta_murozhaat_echimi_ni.jpg

Истеъмолчилардан келиб тушган 11 мингта мурожаат ечими нима бўлган?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган алоҳида йиғилиш ўтказди.
Президентимиз таъкидлаб айтганидек, Ўзбекистоннинг ҳозирги шароитида монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига комплекс ва якдил ёндашув зарур, чунки рақобат ривожланган бозор иқтисодиётининг қатъий талаби ва принципиал шартидир.
Бугун истеъмолчиларимиз фойдаланаётган минглаб товар ва хизматлар таннархини пасайтириш, сифатини ошириш, фойдаланишга янада қулай қилиш учун, ҳеч шубҳасиз, соғлом рақобат муҳити керак бўлади.
Йиғилишда қайд этилганидек, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида ҳали кўп иш қилиниши керак.
Ҳозирги кунда истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилиш борасида республикамизда иккита тизим иш олиб бораяпти.
Биринчи тизим сўнгги йилларда фаолиятини кенг жамоатчилик эътироф этаётган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясидир. Унинг тизимида айни пайтда 14 та ҳудудий бирлашма ва улар негизида 197 та туман (шаҳар) жамияти фаолият кўрсатмоқда ва 1200 дан ошиқ ходим меҳнат қилмоқда.
Шунингдек, ташкилот, корхона, муассаса, ўқув юртларида федерациянинг 2497 та таянч гуруҳи ташкил этилган. 2015 йилдан истеъмолчилар шикоят ва мурожаатларини қабул қилиш бўйича ягона 1091 қисқа рақамли ишонч телефони хизмати йўлга қўйилди.
Федерация 2018 йилда Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг (Consumers International) тўлақонли аъзолигига (МДҲга аъзо мамлакатлардаги давлат ва нодавлат истеъмолчилар ташкилотлари орасида биринчилардан бўлиб) қабул қилинган эди. Айни ҳол федерацияга, биринчидан, ушбу халқаро ташкилотга аъзо бўлган мамлакатлар истеъмолчилар ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш, иккинчидан, Ўзбекистон истеъмолчилари манфаатларини ўша мамлакатларда, ўша мамлакатлар фуқаролари манфаатларини эса Ўзбекистонда ҳимоя қилиш имкониятини бермоқда.
Бундан ташқари, 15 дан ортиқ мамлакатнинг давлат ва нодавлат миллий ва минтақавий истеъмолчилар ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузилиб, алоқалар йўлга қўйилган. Бунга туризм соҳасида бир-бирининг сайёҳларини ҳимоя қилиш бўйича Жанубий Корея, Ҳиндистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Тожикистон истеъмолчилар ташкилотлари билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик битимига кўра ўзбекистонлик турист ва истеъмолчиларнинг манфаатларини ўша мамлакатларда, улар сайёҳлари ва фуқароларининг манфаатларини Ўзбекистонда ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.
Бугунги кунда федерация аҳоли ўртасида рационал истеъмол маданиятини тарғиб этишга қаратилган 20 дан ортиқ туман ва шаҳарда «Истеъмолчилар уйи» қурмоқда. ушбу биноларда ташкил этилаётган «Истеъмолчи кутубхонаси», биринчидан, Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш ташаббусига федерациянинг «лаббай» деган жавоби бўлса, иккинчидан, фуқароларимизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилади.
Иккинчи тизим 2019 йил сентябрида ташкил этилган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигидир. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига қарашли тузилма бўлиб, унинг туман ва шаҳарларда алоҳида бўлинмалари мавжуд эмас. Шу боис кеча муҳтарам Давлатимиз раҳбари унинг ваколатларини кенгайтириш бўйича қўшимча топшириқлар берди.
Шуни қайд этиш лозимки, ривожланган мамлакатларда истеъмолчилар манфаатларини кўплаб нодавлат ташкилотлари самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали ҳимоя қилади.
Шу маънода ўтган йили ташкил топган агентликнинг ваколатлари кенгайишини федерацияга рақобатчи, бир-бирининг функциясини такрорловчи ташкилот сифатида қарамаслик керак. Аслида ҳар икки тузилманинг ҳам мақсади ягона ва муштарак. Фақат бири – давлат ташкилоти, иккинчиси эса нодавлат ташкилотидир. Улар бир-бирини тўлдиради.
Масаланинг бир нозик жиҳат бор – федерация нодавлат ташкилоти бўлгани учун жарима қўллаш ҳуқуқига эга эмас. У истеъмолчилар мурожаатларини жамоатчилик назорати тартибида ўрганади ва қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ваколатли давлат органларига (солиқ инспекцияси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва «Ўзстандарт» агентликлари ва ҳ.к.) шунингдек, бевосита судларга мурожаат қилиш орқали ҳал этади. Бундай ҳолатда иши судда кўриладиган истеъмолчилар давлат божи тўлашдан озод этилади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги эса истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади. Уларнинг ҳам судга киритиладиган даъво аризалари давлат божидан озод қилинган.
Йиғилишда таъкидланган фуқаролардан келиб тушган 11 мингдан ортиқ мурожаатнинг салкам 90 фоизи федерация улушига тўғри келаётгани Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтининг нечоғли ривожланиб бораётганидан далолат беради.
2019 йилда федерацияга йўлланган мазкур ариза ва шикоятларнинг 9736 таси, яъни 94,9 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 10 174 967 565 (ўн миллиард бир юз етмиш тўрт миллион олти юз тўқсон етти минг беш юз олтмиш беш) сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.
Федерация ва унинг ҳудудий бирлашма ва жамиятлари истеъмолчилардан тушган 175 та мурожаат асосида улар манфаатини кўзлаб, суд органларига даъво аризалари киритгани ва ўша аризалар ижобий ҳал этилиши натижасида 441 113 714 (тўрт юз қирқ бир миллион бир юз ўн уч минг етти юз ўн тўрт) сўм моддий ва маънавий зарар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Аслида бу икки ташкилот ҳамжиҳатликда фаолият кўрсатса, 34 миллион истеъмолчининг ҳуқуқлари янада яхшироқ ҳимоя қилиниши тайин.
Қолаверса, кечаги мажлисда урғу берилганидек, агентлик келгусида Олий Мажлисга ҳисобдор этиб белгиланиши кутилмоқда.
Галдаги вазифаларни ҳал қилиш учун қуйидаги таклифларни ўртага ташламоқчиман.
Авваламбор, соҳага оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар базасини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқиш керак. Унда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, нодавлат ташкилотларнинг ваколатлари аниқ белгиланиши ва мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини кучайтиришга устуворлик бериш мақсадга мувофиқдир.
Республикада истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида парламентга нафақат агентликнинг, балки жамоатчилик ташкилоти сифатида федерациянинг ҳам ҳисобот бериш амалиётини жорий қилишни мақбул деб ҳисоблаймиз. Мазкур йўналишда қонун чиқарувчиларнинг федерация қўли етмаётган, бироқ ечимини кутаётган муаммоларга биргаликда амалий ечим топишга кўмак беришига эришиш долзарб бўлиб қолаверади.
Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини янада ривожлантиришда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш мақсадида федерация фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳукумат қарорини қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Давлат раҳбарининг олдимизга қўяётган вазифаларини ҳал қилиш учун аслида ҳар бир фуқаронинг юксак истеъмолчилик ҳуқуқий билимларга эгалиги бирламчи аҳамият касб этади.
Бизнингча, мактаб ўқувчилари ўртасида истеъмол маданиятини шакллантириш мақсадида «Ёш истеъмолчи» қисқа факультатив дарсларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
ЯНА БИР ЖИДДИЙ МУАММО...
Таассуфки, на федерация ва на агентлик ихтиёрида маҳсулотлар сифатини текшириб берадиган мустақил лабораториялар мавжуд эмас. Тараққий этган мамлакатлар тажрибаси бундай лабораторияларга эга бўлмасдан туриб, бозорга чиқарилаётган товарлар сифатини яхшилаб бўлмаслигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда фуқаролардан маҳсулот сифати ёки сифатсизлиги бўйича келиб тушган шикоятлар асосида мазкур маҳсулотлар «Ўзстандарт» агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги лабораторияларида текширилмоқда. Маҳсулот ва хизматларга мувофиқлик сертификати ҳамда тегишли рухсатномаларни айнан шу ташкилотлар бериши ҳисобга олинса, ушбу жараёнда ҳар доим ҳам шаффофлик бўлмаётганини бемалол тахмин қилиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мавжуд тузилмалар ҳамкорлигида фаол ижтимоий шериклик муносабатлари ўрнатилиши охир-оқибат аҳолининг умумий равнақи ва фаровонлигига хизмат қилади.

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png