Маданият ва санъат вакилларига берилган юксак эътибор натижасини кўрсатиш ҳар бир соҳа ходимининг бурчидир
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш, янги Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини янада оммалаштириш, юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу ишларни янада натижадор бўлиш мақсадида 26 май куни қабул қилинган &Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида&ги ПФ–6000-сон фармони унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги ислоҳотларни жадал давом эттириш, маданият органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди десак муболаға бўлмайди.
Фармонга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориб, Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилиши, концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилиш, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилиши санъаткорларимизга берилган имтиёзлар ва имкониятлар уларни янада масъулият билан ижод қилишга ундайди. Меҳнатлари натижаси эса Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси орқали ҳимояланиши белгилаб берилди.
Ёшларимизни илм-маърифат, маънавият ва миллий урф-одатларга бўлган муҳаббатни болалигидан шакллантириш олдимизга қўйилган асосий мақсадларимиздан биридир. Бу борада театрларимиз ўрни беқиёслигини инобатга олган ҳолда бой тарихга эга ўзининг ўзбек миллий қўғирчоқ театри мактабининг шакллантириб, унинг ривожлантираётган Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номи берилганлиги шу билан бирга Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрларини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритилиши режалаштирилгани ҳам нафақат ушбу соҳа вакилларига балки ёш авлодга бўлган кенг қамровли эътибордан дарак бермоқда. Шунингдек Республика театрларига бюджет томонидан ажратилган маблағ, репертуар асарлари, 2021 йилдан халқ театрлари, хусусий театрларга берилиши бизни хурсанд қилди. Эндиликда рекламалар (анонс)лар махсус замонавий технологиялар асосида ёритилиб борилиши ҳам қувонарли холдир.
Бугун ёшларимиз миллий санъатимиздан узоқлашаяпти деган хавотирлар уйғонганди эндиликда ҳужжатга муфовиқ, Ўзбекистон давлат консерваториясининг «Ўзбек мақом санъати факультети» ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилиши миллий мақом санъатимизни нафақат ижодий балки илмий нуқтаи назардан ўрганишга ва дунё миқёсида тарғиб этишда омил бўла олади.
В.Успенский ва Р.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари мактаб-интернатлар учун белгиланган имтиёзларни татбиқ қилган ҳолда тегишлича В.Успенский ва Р.Глиер номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабларига айлантирилиши ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Иқтидорли болалар академик лицейи ҳамда Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби негизида Маданият вазирлиги тизимида Республика мусиқа ва санъат коллежи ташкил этилиши шу билан бирга болалар мусиқа ва санъат мактабларида билим олишлари учун имконияти чекланган болаларга бепул хизмат кўрсатилиши ёш истеъдодларга келажаги учун янги имкониятлар эшиги очадиган бўлди.
1990 йилдан буён капитал таъмирланмаган Ўзбекистон давлат цирки шароитлари талаб даражасида эмаслиги инобатга олиб, бинони тўлиқ реконструкция қилиш ва жиҳозлаш белгилаб берилгани ҳамда Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи этиб қайта ташкил этилиши цирк санъати вакилларини қувонтирди.
2020 йил сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «очиқ эшиклар куни»ни жорий этиш билан бирга 2025 йилгача бўлган муддатга ҳар бир шаҳар ва туманларда ўлкашунослик музейларини ташкил қилиши, музейлардаги ноёб экспонатларни асраб-авайлаш келажак авлодга бус бутун етказиш билан шуғулланаётган ходимларнинг манфаатини ҳимоя қилиниши белгилаб берилган. Бу ташкил этиладиган музейлар ҳар бир вилоят ёки туман тарихини чуқурроқ ўрганишга у ерда истиқомат қилаётган фуқароларда эса ўз ўлкаси тарихидан фахрланиш туйғусини шакллантиришга олиб келади. Ўрганишлар натижасига кўра жами моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари 8208 тани ташкил қилади. Уларни муҳофаза қилиш ғоят муҳим масала эканлигини инобатга олиб маданий мерос департаментини мутлақо янги принциплар асосида ташкил этиш назарда тутилган. Мазкур департамент ваколатлари аниқ белгиланиб, фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалалари ҳал этилган. Шу билан бирга, маданий мерос объектларини асрашга доир ишларни олиб бориш учун илмий тадқиқотларга муҳимлигини инобатга олиниб, Маданият вазирлиги ҳузурида Маданий мерос илмий – тадқиқот институти ташкил этиладиган бўлди.
Ҳужжатга мувофиқ Маданият вазирлиги фаолияти ва тузилмаси такомиллаштирилиб, унинг зиммасига аниқ вазифалар юкланди. Жумладан Ўзбекистон Республикасининг миллий маданиятини янада ривожлантириш концепциясини 2025 йилга қадар амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Юртимиз тарихида илк бора Маданият ва санъат соҳаси вакилларини меҳнатларини инобатга олиб, 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни деб белгилангани биз маданият ходимлари ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири бўлди десак, муболаға бўлмайди.
Юртбошимиз томонидан имзоланган ушбу ҳужжат соҳа вакилларига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Шунингдек, олий таълим соҳаси, халқ таълими, кутубхоналар, музейлар, театрларга берилаётган эътибор, уларнинг замонавий кўринишда қад кўтариши, шу билан бирга, энг сўнгги замонавий технологиялар билан таъминланиши халқимиз қалбидаги орзулар рўёби деб ҳисоблашимиз мумкин.
Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,
Сенатнинг ёшлар, маданият ва
спорт масалалари қўмитаси раиси