http://uza.uz/upload/iblock/ec5/amaliy_doimiy_natizhador_etibor.jpg

Амалий, доимий, натижадор эътибор

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий маданият ва санъатимизнинг жамиятдаги аҳамиятини янада мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу ташаббуслари ижодкорларни ҳамиша қувонтиради. 
26 май куни қабул қилинган "Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон соҳадаги ислоҳотларни жадал давом эттириш, маданият органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, улар фаолияти ҳақидаги ахборотлар ягона онлайн портал орқали амалга оширилади, оммавий-маданий ва концерт томоша тадбирлари календарь режа асосида ўтказилади. Шу билан бирга Ўзбекистон композиторлари ижодига бағишлаб ўтказиладиган ижодий кеча ва хотира концертларига кенг жамоатчиликни жалб қилиш, республика ва халқаро фестивалларнинг ягона тизим доирасида ўтказилиши ижрочи ва ижодкорларнинг кўзланган мақсад сари ҳамжиҳатликда фаолият олиб бориши учун ҳам шароитлар кўзда тутилган. 
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси томонидан мунтазам ташкил этилаётган Халқаро симфоник мусиқа фестивалининг навбатдаги тадбирлари ҳукумат қарори асосида ўтказилиши фестиваль доирасининг янада кенгайишига омил бўлиб хизмат қилади. 
Юртимизда концерт-томоша фаолиятини такомиллаштиришга оид амалий чора-тадбирлар ҳам мазкур ҳужжатдан ўрин олган. Унда концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмаларига асосан кўрсатиладиган барча хизматлар ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида тақдим этилиши белгиланган. 
Мазкур банд ижодкор ва ижрочиларнинг турли мусиқий тадбирларга жамоатчилик асосида жалб этилишига йўл қўймаслик, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши йўлида муҳим ўрин тутади. Чунки ҳар бир фаолият тури, у ақлий ёки жисмоний меҳнат бўладими, албатта рағбатлантирилиши лозим.
Фармонга кўра, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб ноталар тўпламлари ва махсус мусиқий адабиётлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилиши, уларнинг таълим муассасаларига тўлиқ етказилишини таъминлаш белгиланган. Тўғриси, миллий ва замонавий композиторлик ижодини бошланғич ва ўрта таълим муассасаларида кенг тарғиб қилиш учун нота тўпламлари ва махсус мусиқа адабиётларининг танқислиги бизни жуда ўйлантириб келаётган эди. Мазкур банднинг ижроси композиторларимиз ва мусиқашуносларимизни янги асарлар, махсус адабиётлар яратишга янада кўпроқ рағбатлантиради. Шу билан бирга мусиқа таълими соҳасида самарали ютуқларга эришилишини таъминлайди. 
Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказиладиган концерт дастурлари учун ижара тўловларига 50 фоизлик чегирма жорий қилинади. Бундай имконият санъаткорларимизни, айниқса ёш хонанда ва созандаларни ўз соҳасига масъулият билан ёндашишга ундайди. Жонли ижрони рағбатлантириш йўлида берилаётган бундай имтиёзлар ва имкониятлар бугунги кунда урфга айланган фонограмма концертларини яқин келажакда саҳналардан чиқариб ташлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу тариқа саҳналарда ҳақиқий санъат ва истеъдод эгалари ўз ўринларини эгаллайди.
Шунингдек, санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатасини ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Айтиш жоизки, муаллифлик ҳуқуқи композиторлар, ижрочилар ва бошқа санъат вакилларини кўп йиллардан буён ўйлантириб келаётган муаммолардан бири эди. 
Маълумки, композиторларимиз асарлари оммавий тадбирларда, концерт-томошаларда, радио тўлқинлари ва теледастурларда мунтазам янграб келади. Лекин бу учун композиторларга қалам ҳақи тўланмайди. Фармон билан бу камчиликлар ҳам бартараф этилиб, ижодкорлар меҳнатига яраша даромад олиши таъминланадиган бўлди. 
Театр мусиқа санъати билан узвий боғлиқ. Эндиликда Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган драматик ва мусиқали асарларни 1 сентябрдан бошлаб хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этилишига рухсат берилади. Бу эса давлат томонидан сотиб олинган саҳна асарларининг наинки давлат театрлари, балки хусусий театр саҳналарида ҳам намойиш этилишини таъминлайди.
Яна бир муҳим масала — Маданият вазирлиги тизимида фаолият олиб бораётган олийгоҳлар негизида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг ташкил этилишига оид ташаббус ҳам миллий мусиқа санъатининг энг мумтоз, ноёб, тарихий анъаналарини сақлаб қолиш, кенгроқ ўрганиш ва тарғиб этиш имконини беради. Бунда миллий анъаналарга алоҳида урғу берилиши, мақом ижрочилиги билан бир қаторда аждодлардан авлодларга етиб келган бахшичилик ва катта ашула йўллари бўйича кадрлар тайёрлаш азалий анъаналаримизнинг бардавом бўлиши таъминланади. 
Эътироф этиш керакки, миллий маданиятимиз, санъатимиз ривожига доир қабул қилинган Президентимиз фармони ва қарори маънавият, маърифат, санъатимиз равнақи йўлидаги амалий, доимий эътиборнинг ёрқин ифодасидир.


Рустам АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон композиторлари ва  бастакорлари уюшмаси раиси

http://uza.uz/include/img/tg-chan-oz.png
http://uza.uz/include/img/mistake-oz.png